Доғистон муфтийсининг рафиқаси Путиндан миллатдошларини урушга чақирмасликни сўради
Олам
−
30 Сентябрь 2022
8494Доғистон муфтийсининг рафиқаси ва маслаҳатчиси Айна Гамзатова Россия Президенти Владимир Путинга очиқ хат йўллади. Президентнинг “донолиги ва бебаҳо тажрибаси”га мурожаат қилиб, у Доғистон аҳолисига сафарбарлик ва бошқа чақириқдан олти ойлик муҳлат беришни сўради.
“Мен ва менинг халқим, [Доғистоннинг] 3 миллион аҳолисидан уч мингдан ортиғи аллақачон фронтда эканини, улар орасида қаҳрамонлар ҳам борлигини ҳисобга олиб, сафарбарлик ва бошқа мурожаатлардан муҳлат беришингизни таклиф қилмоқчимиз”, дейди Айна Гамзатова.
Унинг фикрича, олти ой ичида минтақа “доғистонлик йигитларни профессионал даражада тайёрлаш” имкониятига эга бўлади. Ҳозир, унинг сўзларига кўра, “Доғистондан урушга мутлақо тайёр бўлмаган, жанговар техникани билмайдиган, умуман қуролнинг ҳеч қандай турини билмайдиган ёшлар юборилади”.
Доғистон муфтийсининг рафиқаси Путин “доно, тўғри ва иродали қарор” қабул қилишига умид билдирган ва Президентнинг ҳар қандай қарори “биз учун қонун ва юзага келган вазиятда адолатли натижа олишнинг кафолати” эканини таъкидлади.
Гамзатова, шунингдек, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров “кўп йиллар давомида ўз республикасида малакали ва содиқ жангчиларни тайёрлагани”ни ҳам эслатиб ўтган.
Кремлдагилар РИА Новостига Айна Гамзатова мурожаатини ҳали кўришмаганини маълум қилишган.
Аввалроқ Қодиров Чеченистонда сафарбарлик амалга оширилмаслигини, чунки республика “режани 254 фоизга ошириб бажарганини” айтганди.
Эълон қилинган рақамларга кўра – 300 минг ва Россия Федерацияси субъектлари сони бўйича Доғистон, Чеченистон каби, сафарбарлик режасини бажарган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади. Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, 300 минг киши, биринчи навбатда, жанговар тажрибага эга ва қўшинлар учун зарур бўлган ҳарбий рўйхатга олиш ихтисослиги бўйича сафарбар қилинади.
Сафарбарлик ҳақидаги фармон қабул қилингач, Россия бўйлаб норозилик намойишлари бошланди. Хусусан, Доғистонда ҳам намойишлар ўтказилди.
LiveБарчаси