ДХХ Тошкентда нарколаборатория ва “учирувчи” дорилар савдоси тизимини фош қилди

3-саҳифа

image

Тошкентда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига қарши ўтазилган тезкор тадбирда 10 277 дона шу турдаги дорилар мусодара қилинди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, пойтахт томон ҳаракатланган, Фарғона вилоятида яшовчи, 1978 й.т. шахс бошқарувидаги Nexia автомобили Тошкент вилоятининг “Чинор” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада машинада 1196 дона “Тропикамид”, 5544 дона “Регапен” ва 56 дона “Лирика” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур дори воситаларини қабул қилиб олган вақтида Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи, 1992 й.т. фуқаро қўлга олинган.

Бундан ташқари, Қирғизистон Республикасидан олиб келинган ушбу дори воситаларини Тошкент шаҳрига бериб юборган, Наманган вилоятида яшовчи, 1982 й.т. шахс ҳам Андижон вилоятида ушланиб, унинг Nexia русумли автомашинасида бўлган 1002 дона “Тропикамид” дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Бошқа бир тезкор тадбирда эса пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида ҳаракатланаётган, Наманган шаҳрида яшовчи, 1975 й.т. фуқаро бошқарувидаги Lacetti русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада унинг юкхонасида бўлган 495 дона “Тропикамид” дори воситалари ўрнатилган тартибда олиб қўйилган. Шунингдек, ушбу дори воситаларининг эгаси – Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, 1992 й.т. шахс ҳам ушланган.

Учтепа туманида яшовчи, 1995 й.т. фуқаро бошқарувидаги Cobalt русумли автомашинадан эса 1680 дона “Регапен” дори воситалари топилиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

ДХХ ходимларининг шаҳар ИИББ ва божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида эса Наманган вилоятида яшовчи, 1987 й.т. шахс бошқарувидаги Nexia-3 русумли автомашина Шайхонтоҳур тумани ҳудудида тўхтатилган ва унда 198 дона “Тропикамид” дори воситалари борлиги аниқланган. 

Шунингдек, уларни сотиб олмоқчи бўлган, Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи, 1965 й.т. шахснинг яшаш хонадонидан 50 дона “Тропикамид” ва 56 дона “Регапен” дори воситалари олинган.

Юнусобод туманида қайд этилган ҳолатда “марихуана” гиёҳвандлик воситаси ҳамда “мефедрон” синтетик моддаси тайёрловчи нарколаборатория ташкил қилган 1991 ва 1993 йилларда туғилган икки фуқаро қўлга олинган. Таъкидланишича, улар наркотик моддаларни Telegram мессенжеридаги махсус гуруҳлар орқали сотиш билан шуғулланишган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ДХХ

Баҳолаганлар

100

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг