ДХХ собиқ мулозимларига оид суд ҳарбий соҳага оид маълумотлар сабаб ёпиқ ўтмоқда
Crime
−
01 August 4684 3 minutes
Фуқароларни Кореяга юбориш билан боғлиқ “90 миллион долларлик коррупцион схема”га боғланаётган Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ ходимлари Ганчар Узоқов, Алижон Ашуров, Тимур Шариксиев ва Сухроб Сайфутдиновга оид суд иши нима сабаб ёпиқ кўрилаётганига изоҳ берилди. Кеча, 31 июль куни Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ташкилот матбуот котиби Турсунали Акбаров QALAMPIR.UZ журналистига айрим маълумотларни очиқлади.
Жорий йил, 29 июль куни Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида ДХХ собиқ мулозимлари Ганчар Узоқов, Алижон Ашуров, Тимур Шариксиев ва Сухроб Сайфутдиновга Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисми “а” ва “б” бандлари, 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 301-моддаси (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) 1-қисми билан қўзғатилган жиноят ишини суд мажлисида кўриб чиқиш ёпиқ тарзда бошланган эди.
Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Миграция агентлиги, хусусий бандлик агентликларининг собиқ мансабдорлари ва бошқалардан иборат уюшган жиноий гуруҳ Корея давлатига меҳнат муҳожири сифатида ишга юбориш билан боғлиқ коррупцион “схема” яратиб, фуқаролардан расмий тўловлардан ташқари, фирибгарлик йўли билан 7-12 минг АҚШ долларидан, қарийб 90 млн АҚШ доллари йиққани ҳақида хабар берган эди.
Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби Турсунали Акбаровнинг қайд этишича, айни пайтда Бектемир туманида кўрилаётган суд жараёни Кореяга юборилаётган мигрантлардан ноқонуний пул ундириш билан боғлиқ коррупцион “схема” аниқлангани билан қанчалик боғлиқлиги борасида ҳам узил-кесил тасдиқ мавжуд эмас. Бироқ тўрт нафар шахсга нисбатан кўрилаётган бу иш катта бир жиноят ишидан алоҳида иш юритувига ажратилгани ва унинг тармоқлари кўплиги маълум қилинди.
Ҳозирча ушбу тўрт нафар судланувчининг хатти-ҳаракатларига суд томонидан ҳуқуқий баҳо берилмоқда ва уларнинг тилга олинаётган коррупцион “схема”га қанчалик алоқадорлиги бўйича якуний хулоса чиқаришга ҳали эрта экани таъкидланди.
Мазкур суд мажлиси ҳам нима учун ёпиқ тарзда ўтаётганига аниқлик киритилди.
“Ушбу жиноят ишида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришдан ташқари, ҳарбий мансабдорлик жиноятлари туркумига кирувчи айбловлар ҳам бор. Ҳарбий соҳага оид маълумотлар қонун билан қўриқланувчи ва сир сақланувчи йўналишлардан бири ҳисобланади. Айнан шу сабабдан ҳам ушбу суд жараёни ёпиқ мажлисда кўриб чиқилмоқда”, дейди Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби Турсунали Акбаров.
-Recovered-Recovered-Recovered-Revered-Recovered(2).jpg)
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар судлари аввалроқ Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев, Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи Рустам Турсунов ва яна 28 кишига оид жиноят иши, шунингдек, Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ директори Акмалхон Ортиқов ва яна у билан боғлиқ ишга алоқадор 5 кишининг суди ёпиқ тарзда ўтаётгани, жиноят ишларида қонун билан муҳофаза этиладиган, шунингдек шахсий ҳаётга оид маълумотлар мавжудлигидан келиб чиқиб, суд ажримларига асосан, жараён ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши белгиланганини маълум қилганди.
Live
All