ДХХ Ҳажга юборишни ваъда қилганларни қўлга олди
3-саҳифа
−
03 Июнь
2596Андижон, Қашқадарё, Наманган вилояти ва Тошкент шаҳрида фуқароларни ноқонуний йўллар билан Ҳаж зиёратига юбормоқчи бўлган шахслар қўлга олинди ва уларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Андижон вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон шаҳрида яшовчи 1966 йилда туғилган муқаддам бир неча маротаба судланган шахс алдов йўли билан ўзгаларнинг ишончига кириб, ҳозирда фаолият юритмаётган Андижон шаҳридаги туристик фирма номидан 10 нафар фуқарони Ҳаж зиёратига юборишини айтиб, эвазига ҳар бири учун 5 минг доллардан жами 50 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Қарши шаҳрида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи, 1985 йилда туғилган шахс фирибгарлик йўли билан фуқаронинг ишончига кириб, у ва унинг қариндошини пойтахтдаги танишлари орқали Ҳаж зиёратига юбориш эвазига 14 минг доллар олган вақтида ушланди.
Шунингдек, Наманган шаҳридаги маҳаллий туристик фирмалардан бирининг менежери 2 нафар фуқарони Саудия Арабистонига Ҳаж амалларини адо этиш учун юбориш эвазига 20 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида қўлга олинди.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирма ишчиси Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, уни Ҳаж зиёратига юбориш эвазига Қўқон шаҳрида 9 минг доллар олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё ва Фарғона вилоятида Ҳаж зиёратига юборишни ваъда қилиб, одамлардан пул олган шахслар қўлга тушганди.
LiveБарчаси