Диёра Усмонова биринчи турмушида калтакланганини айтди (видео)
Жамият
−
06 Май
28844Ўзбекистон биринчи хонимининг жияни Диёра Усмонова миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни, марҳум Бобур Усмонов билан биринчи турмушида бўлган оиладаги зўравонлик ҳақида гапирди. Шу ҳақдаги видеони у ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлади.
Диёра Усмонованинг ёзишича, шунча вақт ўтиб, турмуш ўртоғининг ўлимидан сўнг бу воқеалар ҳақида гапиришига сабаб унинг ҳикояси оиласидаги зўравонликларга чидаб келаётган аёлларнинг қарашларини ўзгартиради, деб ҳисоблашидир.
“(Бу) 21 ёшимдан 25 ёшгача бошдан кечирган ҳаётим ҳақида. Ҳатто, 19 ёшдан бошланган, десак ҳам бўлади. Мен биринчи эрим билан қийин муносабатларда эдим, шунга қарамай унда жуда кўп севги ва эҳтирос ҳам бор эди. Биз бир-биримизни севардик ва турмушимиз учун жуда қаттиқ курашдик. Кейинчалик, у менга қўл кўтара бошлади. Бу калтаклашлар тўрт йил давом этди, мия чайқалиши, кўп қон йўқотиш ва кўкаришларни бошдан кечирганман. Бутун танам кўкарарди, мебель, эшиклар – ҳамма нарса синарди”, дейди Усмонова.
У жамиятдаги аёлларга нисбатан зўравонлик ва таҳқирлашларга уларнинг ўзи айбдор эканлигини айтди.
“Буларнинг барчаси 100 фоиз улар (эркаклар)нинг айби билан содир бўлмайди. Бу ерда 50 фоиз бизнинг ҳам айбимиз бор. Бизнинг муаммомиз: ўзимизни етарлича қадрламаймиз, етарлича жасоратли эмасмиз, оёқларимизда етарлича мустаҳкам туролмаймиз, тескари таъсир қилишдан қўрқамиз, ота-оналаримизга айтишдан қўрқамиз, ота-онамизга қайтишдан қўрқамиз, ҳаммасини қайтадан бошлашдан қўрқамиз. Чунки ҳолат ўзгаради, келажакда бунинг қандайдир яхши натижалари бўлади, деб умид қиламиз – ҳаммаси бизнинг айбимиз. Эсимда, у биринчи марта қўл кўтарганида, мени бешинчи қаватдан биринчи қаватга судраб туширганди – мен чўлоқланардим. У оёғимни ўпиб, кечирим сўраганини эслайман. Мен унга эгилиб, бошини қучоқлаб олдим, охири раҳмим келди, тинчлантирдим, ҳаммаси яхши, ҳеч қандай ёмон нарса бўлмаган, бу вазиятдан бунчалик хавотирланишга ҳожат йўқ, деб далда бердим. Яъни, вазият шундай ўзгаради. Мен буни энди, орадан 10 йил ўтиб тушундимки, менинг катта муаммоим, бизнинг катта муаммомиз – содир бўлаётган воқеаларнинг фожиасини кўрмаслигимиз ва тушунмаслигимиздир", дейди Диёра Усмонова.
Унинг фикрича, аёллар бундай муносабатларни тугатиб, кетиш учун куч топиши керак.
“Мен ўзимда бу кучни топа олмадим... Аммо, шуни айтмоқчиманки, у (Бобур Усмонов) бизнинг замонамизда ҳеч кимда учрамайдиган ҳайратланарли даражада меҳрибон қалбга эга ажойиб инсон эди. Гўё унинг меҳрибон қалби ва бу ҳақиқатлар бир-бири билан тўғри келмаётгандек туюлади. Шу сабаб, шундай меҳрибон, олийжаноб инсон менга берган қийноқларга қандай қўли борганига тушунолмадим. Шунга қарамай, бу қандайдир психологик оғиш, даволаш керак бўлган руҳий ҳолат ва биз фарзандларимизни бундан ҳимоя қилишимиз керак. Бундай муносабатларни тарк этишингиз керак. Чунки сиз бир марта кечирасиз, иккинчи марта кечирасиз, кейин бу одатга айланиб қолса, бу жуда ёмон тугашини ёки бутун ҳаётингизни заҳарлашини тушунасиз. Ўшанда ўзимда куч топа олмадим ва ҳозир 10 йил ўтиб, орқамга қарайман ва мен томондан қанча хатоларга йўл қўйилгани, бунда менинг айбим қанчалик катта эканини тушунаман. Худди у каби”, дейди Усмонова.
Шунингдек, у бу воқеаларни нега айнан ҳозир оммага очиқлаганини айтди. Маълумки, Қозоғистонда собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев ўзининг турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани ўлдирганликда айбланяпти ва ҳозирда мазкур иш бўйича суд давом этмоқда. Усмоновага кўра, у Салтанат Нукенованинг тақдирида ўзининг умрини кўрган.
"Унинг умри кетди, менинг обрўйим кетса, кетаверсин", деб ёзган Диёра Усмонова.
Маълумот учун, Диёра Усмонова Ўзбекистон биринчи хоними Зироатхон Мирзиёеванинг жияни. У 20 ёшида асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни Бобур Усмоновга турмушга чиққан. Бобур Усмонов 2013 йил 8 май куни Тошкент шаҳрида ўз машинасида ҳалокатга учраб, вафот этган.
2016 йилда эса Диёра Усмонова “Пахтакор” футбол клуби ва “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг собиқ эгаси бўлган тадбиркор Ботир Раҳимовга турмушга чиқди. Усмонованинг биринчи турмушидан бир қиз, иккинчи турмушидан бир ўғил фарзанди бор.