Диққат, жазирама! ЖССТ Марказий Осиё аҳолисини огоҳлантирди

Жамият

image

Европани қамраб олган рекорд даражадаги иссиқлик тўлқинидан сўнг жазирама янада кучайиши кутилмоқда. Бу ҳафта Португалия ва Испаниянинг жанубида ҳарорат 43 даражагача кўтарилиши прогноз қилинаётган бўлса, Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида ҳаво аллақачон 40 даражадан ошди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хабар қилди

Шу муносабат билан ЖССТнинг Европа бўйича минтақавий директори Ханс Клюге Европа Комиссияси, аъзо давлатлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида фавқулодда йиғилиш ўтказди.

Кўплаб давлатлар ҳаддан ташқари иссиқликни энди шунчаки об-ҳаво ҳодисаси эмас, балки аҳоли саломатлигига жиддий таҳдид ўлароқ ҳисобламоқда.

Қайд этилишича, иссиқлик тўлқинларига қарши миллий ҳаракат режасини ишлаб чиққан мамлакатлар бундай вазиятларда тезроқ чора кўриш ва аҳолини самаралироқ ҳимоя қилиш имконига эга.

Хусусан, Италияда 45 шаҳарда иссиқлик сабаб юз бераётган ўлим ҳолатларини кузатувчи мониторинг тизими йўлга қўйилган. Испанияда аҳолини соғлиқ учун хавфлар ҳақида хабардор қилиш кучайтирилган, Австрияда эса ишчиларни жазирамадан ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чоралар жорий этилган. Францияда идоралараро ҳамкорлик соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган босимни камайтиришга хизмат қилмоқда. Шимолий Македонияда эса уйсиз фуқароларга ёрдам кўрсатиш ишлари кучайтирилган.

“Керакли воситалар мавжуд. Илмий асослар етарли. Агар режалар инқироз бошланишидан олдин ишлаб чиқилиб, синовдан ўтказилса, улар инсонлар ҳаётини сақлаб қолади”, дейди Ханс Клюге.

Шу билан бирга, ташкилотнинг Европа минтақасига кирувчи 53 мамлакатнинг ярмидан камида ҳаддан ташқари иссиқликка қарши миллий ҳаракат режаси мавжуд.

Шунингдек, кўплаб мамлакатларда аҳолининг иссиқ ҳаво хавфини етарлича англамаслиги, уйсизлар учун салқин бошпаналар етишмаслиги ҳамда соғлиқни сақлаш тизимларини иқлим ўзгаришларига мослаштириш зарурлигига эътибор қаратилган. Айниқса, ёлғиз кексалар, ижтимоий муассасаларда яшовчилар ва уйсизлар энг кўп хавф остида экани таъкидланган.

ЖССТ яқин кунларда Европа ва Марказий Осиёдаги барча 53 давлат учун тавсиялар ишлаб чиқишини ҳамда иссиқликдан ҳимояланиш бўйича миллий режаларни тайёрлаётган мамлакатларга техник кўмак беришда давом этишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШда кузатилаётган кучли аномал иссиқ оқибатида камида 25 киши вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг