Депутатлар “тонировка” масаласида Ҳукуматга таклиф билан чиқди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига автомобиллар ойнаси тусини ўзгартириш (тонировка) учун ўрнатилган тўлов миқдорини камайтириш бўйича таклиф киритилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилди.

Дониёр Ғаниев “тонировка” масаласига тўхталар экан, жамоатчилик орасида бу борада турли эътироз, таклиф ва фикрлар билдирилаётганини айтиб ўтган. 

“Маълумки, Ўзбекистон географик жиҳатдан нисбатан иссиқ ҳудудда жойлашган. Шу боис, сўнгги пайтларда жамоатчилик томонидан енгил автотранспорт воситалари ойналарининг қорайтириш (тонировка) билан боғлиқ амалдаги тартиб юзасидан кўплаб эътирозлар, фикр ва таклифлар билдирилмоқда”, дейди депутат.

У шунингдек, иссиқ мавсумда жазирама қатор ноқулайликлар туғдириши ва иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатишини урғулаган. Меҳнат унумдорлиги 15 фоизгача пасайиши таъкидланган.

“Ўрганишлар шуни кўрсатaдики, одатда йилнинг иссиқ мавсумида ҳавонинг юқори ҳарорати ва қуёшнинг жазирама иссиғи ҳайдовчи ва транспортдан фойдаланувчилар учун кескин ноқулайлик туғдиради. Натижада, фуқароларнинг иқтисодий фаоллиги ва меҳнат самарадорлиги 1 фоиздан 15 фоизгача пасайишига олиб келиши мумкин экан”, дея фактларни келтириб ўтган Ғаниев.

Шундан сўнг, у "тонировка" бу масалада ёрдам бериши, у автомобилдаги ҳароратни 60 фоизгача камайтириши қўшимча қилинган. Бу имкониятлар иқтисодиётга ҳам фойда келтириши эса алоҳида эслатилган.

“Тонировка”  эса автомобиль ичидаги ҳаво ҳароратини 60 фоизга камайтириб, совутиш тизимининг нормал ишлашига шароит яратади ҳамда ҳайдовчи ва транспорт фойдаланувчиларига иссиқ мавсумда қулайлик яратилади. Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг иқтисодий фаоллиги ва самарадорлиги ошишига ижобий таъсир кўрсатиб, мамлакат иқтисодига қўшимча ўн миллионлаб доллар фойда келтириши мумкин. Бугунги пандемия сабаб инқирозда бу биз учун айни муддао эмасми?”, дея савол қўйган депутат.

Дониёр Ғаниев қуёшнинг ультрабинафша нурлари инсон саломатлигига, хусусан, унинг терисига қандай салбий кўрсатишини айтиб ўтаркан, шундай дейди:

“Бундан ташқари, олимлар фикрича қуёш нурлари остида узоқ бўлиш ва ҳаркатланиш ҳам инсон терисининг қуруқшаб, қариб боришига, терида доғлар пайдо бўлишига, кўзнинг тўрпардаси зарарланишига ҳамда тери саратонига сабаб бўлиши мумкинлиги ўз исботини топган. Сифатли “тонировка” эса инсонларни қуёшнинг тик нурларидан сақлаш ва ультрабинафша (UV) нурларининг хатарли таъсиридан ҳимоялашда 99 фоизгача самара беради.”

Тадқиқотлар “тонировка” давлат учун ҳам, фуқаролар учун ҳам фойдали эканини кўрсатаётгани, аммо Ўзбекистонда кўпчилик ҳайдовчилар бу қулайликдан фойдалана олмаслиги қайд этилган. Бунинг сабаби сифатида “тонировка” учун тўлов нархлари қимматлиги кўрсатилган.

“Таҳлиллардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, иссиқ мавсумда “тонировка”дан фойдаланишга рухсат бериш иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан давлат учун ҳам фуқаролар учун ҳам фойдалидир. Aммо aмалдаги тартибга кўра белгиланган тўлов миқдорлари “тонировка“га ҳақиқатда эҳтиёжи бўлган кўплаб ҳайдовчиларга қимматлик қилмоқда”, дейди Ғаниев.

Шундан сўнг, у сўзида давом этиб, Ҳукумат бу қулайликдан фойдаланишни фуқаролар учун бепул қилишни истамас экан, унинг нархи борасида ён бериши кераклиги таъкидланган. Бу бўйича тегишли таклиф киритилгани ҳам қўшиб ўтилган.

“Модомики, Ҳукумат “тонировка” учун белгиланган тўловларни буткул бекор қилишни истамас экан, ҳеч бўлмаса тўловларни арзонлаштириш, енгиллаштириш орқали компромис қилиши керак. “Тонировка”дан фойдаланиш тартибига бироз бўлса ҳам ижтимоий тенглик ва адолат принципини сингдириш лозим.

Шуни ҳисобга олиб, йилнинг иссиқ мавсумида (1 майдан 30 сентябргача, чунки асосан шу пайтда “тонировка”га реал эҳтиёж сезилади) БҲМнинг 10 баравари миқдоридаги тўлов эвазига (менга қолса бепул бўлиши керак, лекин шунисига ҳам кўпчилик рози ҳозир) автотранспорт воситасининг орқа (100 фоиз) ва олд ён (30 фоиз) ойналари “тонировка” қилишга рухсат бериш тартибини жорий қилиш мақсадга мувофиқ.

Бу бўйича ўз таклиф ва таҳлилларимизни ҳукуматга ҳам юбордик. Умид қиламан таклифларимизга масъул идоралар бефарқ бўлмай, ўрганиб чиқадилар ҳамда инобатга оладилар. Чунки ҳар мавсумда миллиардлаб қўшимча тушум, иқтисодий фаоллик ва меҳнат самарадорлигини ўсиши, янги иш ўринлари давлат иқтисодига ижобий таъсир кўрсатса, жисмоний қулайлик ва соғлиққа хавфли нурланишдан ҳимояланиш фуқаролар талабларини қондиради”, дейди депутат Дониёр Ғаниев.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг август ойида Ҳукуматнинг “тонировка” бўйича қарори қабул қилиниб, автомобиль ойналарининг тусини ўзгартириш учун рухсатнома олиш нархлари ўзгартирилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

тонировка

Баҳолаганлар

1066

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг