“Демократияга жиддий зарба”. Ғарб Имомўғлининг ҳибсга олиниши бўйича нималар деяпти?
Олам
−
20 Март
2722Туркияда Истанбул шаҳрининг мухолиф ҳокими Экрем Имомўғли кеча, 19 март куни ҳибсга олинди. Бунинг ортидан Европа Иттифоқи, АҚШ, Германия ва Франция ҳукумати расмийлари воқеа юзасидан муносабат билдирмоқда.
“Биз Туркияни инсон ҳуқуқларига риоя қилишга, ички тузилмасини тегишли равишда бошқаришга чақирамиз. Биз бошқа мамлакатнинг ички қарорларини изоҳлаш ниятида эмасмиз, бироқ – уларга эслатишимиз мумкин бўлган ягона нарса шуки, биз улардан ўз фуқароларининг ҳуқуқларига ҳурмат билан муносабатда бўлишларини кутамиз”, деди АҚШ Давлат департаменти вакили Тэмми Брюс.
Германия ҳукумати эса Имомўғлининг ва бошқа кўплаб турк мухолифати вакилларининг ҳибсга олинишини кескин қоралади. Мамлакат Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок бу воқеани “Туркия демократиясига жиддий зарба” деб атади.
“Биз аниқ кўриб турибмизки, мухолифат сиёсатчилари учун майдон тобора торайиб бормоқда”, деди Бербок.
Унинг таъкидлашича, халқ томонидан сайланган шахсларнинг ҳуқуқларига риоя қилиниши “ҳуқуқий давлат ишлашининг асосий шарти” ҳисобланади.
Шунингдек, Германия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Имомўғлининг ҳибсга олинишини унга нисбатан кучайиб бораётган ҳуқуқий босимнинг бир қисми сифатида баҳолади ва Анқара Европа Иттифоқига аъзо бўлишга даъвогар мамлакат ва Европа Кенгаши аъзоси сифатида демократия ҳамда қонун устуворлиги тамойилларига риоя қилиш мажбуриятини олганини эслатди.
Франция ҳам Туркиядаги воқеаларни танқид қилди. Мамлакат ҳукумати Экрем Имомўғли ва унинг тарафдорлари ҳибсга олинишидан чуқур хавотирда эканини билдирди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Кристоф Лемуан журналистларга берган баёнотида Туркия ҳукумати ҳаракатлари турк демократияси учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотирда эканини таъкидлади.
Шунингдек, Париж мэри Анн Идалго бу воқеани “Эрдўған режими томонидан мухолиф мэрларни бостириш йўлидаги навбатдаги қадам” деб атади. Афина мэри Харис Дукас эса ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Дўстим Экрем, биз сенинг ёнингдамиз” деб ёзди.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Кая Каллас ҳамда ЕИнинг кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда эса Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли ҳибсга олиниши ва 2025 йил бошидан буён давлат амалдорлари, фаоллар, фуқаролик жамияти вакиллари, тадбиркорлар ва журналистларга нисбатан таъқиблар кучайгани Туркиянинг узоқ йиллик демократик анъаналарига содиқлиги борасида саволлар туғдириши таъкидланган. Евроиттифоқ Анқарани ҳуқуқий меъёрларга риоя қилишга чақирди.
Брюссель ҳам Туркия ҳукуматини барча ҳуқуқий тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя қилиш ва жараённинг шаффофлигини таъминлашга чақирди. Баёнотда Туркия Евроиттифоққа номзод давлат ва Европа Кенгаши аъзоси сифатида энг юқори демократик стандартларга амал қилиши шарт экани таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.
Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.
Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши қарши эканини маълум қилган.
LiveБарчаси