Делимхонов тирик ва ҳатто яраланмаган – Рамзан Қодиров
Олам
−
14 Июнь 2023
11826Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг яқин ҳамкори, Россия Давлат Думаси депутати ҳамда Росгвардиянинг чечен бўлинмаси бошлиғи Адам Делимхоновнинг яралангани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Қодировнинг айтишича, Делимхоновнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар “хаёлий уйдирма” бўлиб, депутат ҳозирда тирик ва ҳатто жароҳатланмаган ҳам.
"Хавотирга тушган барчага раҳмат! Адам Султонович тирик, соғлом ва ҳатто яраланмаган. Мен бу сохта маълумот сиздирилиши эканини бошиданоқ билардим. Аммо ҳаммага, биринчи навбатда украиналикларга уларнинг оммавий ахборот воситалари савияси қай даражада тушиб кетганини кўрсатиб қўйишга қарор қилдим”, деб ёзади у.
Қодиров, шунингдек, 200 нафар чечен жангчиси ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар ҳам ёлғон эканини маълум қилган. Бундан ташқари, ўзининг постига Делимхоновнинг Грозний шаҳридаги йиғилишдан олинган суратини ҳам илова қилган.
“Азиз биродарларим ва мен биргаликда ишлашни давом эттирамиз”, дея қўшимча қилади Қодиров.
Унинг сўзларига кўра, “Ахмат” бўлинмалари ҳозирда Белгород вилоятида Россия-Украина чегарасини мустаҳкамлаш билан банд.
Маълумот учун, қўмондон Адам Делимхонов Россия миллий гвардиясининг чечен бўлинмасини бошқаради ва айни пайтда Россия парламенти депутати ҳисобланади. У Чеченистонда Қодировнинг ўзидан кейин иккинчи мартабали амалдор сифатида кўрилади.
Собиқ чечен сепаратисти, Чеченистон ҳозирги раҳбариятининг катта қисми билан бирга Москва томонига ўтган Делимхонов Россиянинг Украинадаги ҳарбий кампаниясида муҳим роль ўйнаган ва можаронинг дастлабки кунларида Мариуполдаги чечен кучларига қўмондонлик қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина ОАВлари Делимхоновнинг Запарожьедаги жанглардан бирида ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни тарқатганди. Россия матбуотида эса бу хабарни биринчи бўлиб “Звезда”, нашри берди. Шунга қарамай, мазкур хабар уч марта таҳрирланди.
LiveБарчаси