ДБҚ IMEI-кодлар можароси бўйича жиноий гуруҳни фош қилди
Жамият
−
09 Сентябрь 2020
12426Аввалроқ, бир неча ойдан бери хориждан келган фуқароларни қийнаб келаётган IMEI-кодлар масаласи бўйича Давлат божхона қўмитаси суриштирув бошлагани ҳақида хабар берган эдик.
Гап шундаки, хориждан келган кўплаб фуқаролар ўзлари билан олиб келган мобил телефонларини рўйхатдан ўтказишмоқчи бўлганида, уларнинг номига аллақачон бошқа мобил қурилмалар Uz IMEI тизимидан рўйхатдан ўтганлиги норозиликларга сабаб бўлаётган эди.
Қўмита томонидан қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш борасида олиб борилган тадбирлар натижасида рўйхатдан ўтмаган мобил қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ҳаракатланган фуқароларнинг номларига ноқонуний йўллар билан рўйхатга қўйиш, шахсларга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиб, сақлаб, улардан фойдаланиб келаётган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди.
Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароси О.А. шериклари М.Б. ва Т.Р. билан тузган ўзаро жиноий режага кўра қўшни давлатларга ўтиб, у ерда Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспорт маълумотларини телефон ёрдамида расмга тушириб, Telegram ижтимоий тармоғи орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобил қурилмаларни Uz IMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келишган.
Биргина фуқаро Б.М.нинг уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганида, телефон хотирасида Ўзбекистон фуқароларининг 200 га яқин паспорт расмлари борлиги, у ушбу паспорт маълумотларни йиғиб, жиноий шериги О.А.га етказиб берганлиги учун ҳар бир паспортга 5 АҚШ доллардан ҳақ олганлиги маълум бўлди.
Мазкур холат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 141-2-моддасининг 2-қисми “а” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш ёки тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, IMEI-кодлар атрофида норозиликлар ортиб кетгач, бу ишга масъул бўлган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳам текширув бошлаганди. Бундай ташқари, ИИВ ҳам шундай муамога дуч келган фуқаролардан ҳудудий ИИБга мурожаат қилишни сўраб чиққанди.
P.S.: Албатта, жиноий гуруҳ фош қилингани яхши хабар. Энди фуқароларда IMEI-кодлар билан боғлиқ муаммолар бўлмаслигига умид қиламиз. Аммо жиноий гуруҳ фаолияти масаласида мулоҳазали ўрин бор. Ўзбекистонда IMEI-кодларни рўйхатга олиш карантин чекловлари ўрнатилган вақтда авж олди. Бу вақтда чегаралар Ўзбекистон фуқароларининг кундалик кириб-чиқиши учун ёпиқ бўлди ва хориждан келаётганлар ҳам 14 кунлик карантинга жойланди. Шундай экан жиноий гуруҳ аъзолари қандай қилиб чегарадан ўтиб, фаолиятини амалга оширгани кишида савол туғдиради.
LiveБарчаси