ИИВ IMEI-кодлар бўйича аҳолига мурожаат билан чиқди
Жамият
−
03 Сентябрь 2020
13233Бугун, 3 сентябрь куни Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва UZIMEI тизими оператори масъул ходимлари иштирокида ишчи учрашув ўтказилди. Бу ҳақда ИИВ Матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиб бўлмаётгани, бунга фуқаронинг шахсий маълумотлари ўғирлангани бўлиши мумкинлиги ҳақидаги шикоятлар ортиб бораётгани муҳокама қилинди ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Таъкидланишича, шахсга доир маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 июлдаги “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонуни билан ҳимояланади. Фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш МЖтКнинг 46-2-моддасига асосан, фуқароларга БҲМнинг 3-5 баравари, мансабдор шахсларга эса 5-10 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ўша ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, ёхуд бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирилиб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, ғаразли ёки бошқача паст ниятларда, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилса, ёхуд оғир оқибатларга сабаб бўлса, Жиноят кодексининг 141-2-моддасига асосан, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
“Юртдошларимиздан, агарда телефонларининг “IMEI” кодлари билан боғлиқ юқоридаги муаммолар юзага келган тақдирда яшаш манзиллари бўйича ички ишлар органларига мурожаат қилишларини тавсия этамиз”, дейилад ИИВ хабарида.
Маълумот учун, сўнги ойларда тех-тез юз бераётган мазкур масала юзасидан Ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазирлиги баёнот бериб, тегишли идоралар билан текширув бошланганини маълум қилди.
Кейинроқ эса давлат божхона қўмитаси ҳам ҳолат юзасидан текширув бошланганини билдирди. Ўз навбатида ҳар икки ташкилот текширув якунлари бўйича маълумот берилишини таъкидлади.
LiveБарчаси