Ҳумоюн Тўхтамуродов қамоқдан чиқди

Таҳлил

2023 йил сўнггида Республика бўйлаб ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тезкор тадбирлари доирасида қўлга олинган ММА жангчиси Ҳумоюн Тўхтамуродовга суд ҳукми ўқилган. Унга қўйилган айблов ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига киргани боис спортчи озодликка чиқарилган. 

Ўтган йилнинг декабрь ойи бошида Ҳумоюн Тўхтамуродов Қўқон шаҳрида икки нафар шахсга тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширингани маълум бўлган эди. Воқеа ортидан спортчи ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ушланган ва унга Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми билан 3 ойлик қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган.

Орадан кўп ўтмай, у озодликка чиққани ҳақида гаплар болалади. Фарғона вилояти ИИБ эса буни рад этди ва спортчининг “ичкарида” эканини тасдиқловчи видео эълон қилди. 

“Бу ердаги ҳар бир дақиқамда ўзим учун тегишли хулосаларни чиқаряпман. Бундан кейин салбий ҳолатлар қайтарилмайди”, дейди спортчи. 

Бу воқеалардан бир неча кун ўтиб, 26 февраль куни Тўхтамуродов ўзининг Instagram саҳифасида пост қолдирди. 

“Барчага Ассалому Алайкум! Қудрати ва Адолати бутун дунёга донг урган Ўзбекистон ватанимга киндик қоним тўкилган кундан бошлаб, шу меҳрибон ўзбек халқим учун, Аллоҳим назари тушган юртбошим учун “фидойи” бўлиб туғилганимни ва шу йўсинда яшаб ўтишим кераклигини ҳис қилганман!

Байроғи елкам узра ҳилпираб турган пайт азиз ватаним, бутун она халқим қўллаб қувватлагани каби мен ҳам шу халқ учун Ўзбекистон учун жонимни ҳар он беришга тайёрман!

Мен Ҳумоюн Тўхтамуродов шу буюк юрт байроғини дунё узра кўтарилишида оз бўлса-да ҳисса қўшишни олий мақсад билган оддий халқ ичидан чиққан ватанга муҳаббати чексиз спортчиман! 

Мени ҳеч қандай жиноятчи гуруҳлар, қонунбузарлар билан алоқам йўқ! ОАВда мен тўғримда айтилган гумонлар барчаси асоссиз! Янги Ўзбекистонда қонун устувор! Бу юрт нон-сувини, меҳрини ичиб яшаган ҳар бир инсон бу юрт қонунларига ҳам амал қилиб яшаши шарт! Мен учун хавотир олган, дуо қилган севикли халқимга миннатдорчилик билдираман! Келажакда бутун дунё бўйлаб ватаним байроғини муносиб ҳимоя қилишга ваъда бераман! Олға Ўзбекистоним”, деб ёзади спортчи. 

Қамоқдан чиққанини пост орқали билдирган Тўхтамуродов 27 февраль куни Instagram саҳифасида жонли эфир қилиб, кузатувчилари билан суҳбатлашди. 

Юқорида айтганимиздек, спортчи Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми билан гумонланиб қўлга олинган эди. Агар Ҳумоюн Тўхтамуродов ноябрь ойи охирида қўлга олинган бўлса, демак уч ойлик қамоққа олиш эҳтиёт чораси муддати тугаган. 

Спортчига қўйилган айблов ўз тасдиғини топдими, у ҳақиқатдан ҳам безорилик жиноятини содир этганми, деган саволлар билан QALAMPIR.UZ ҳуқуқ тартибот идораларидаги манбалари билан боғланди. 

Маълумотларга кўра, Ҳумоюн Тўхтамуродовга очилган жиноят тергови тугатилиб, иш судга юборилган ва аллақачон суд ҳукми ҳам эълон қилинган.

QALAMPIR.UZ Фарғона вилоят суди Матбуот котиби Қобилжон Муталиев билан боғланиб суд ҳукми билан танишди. Маълум бўлишича, 2024 йилнинг 30 январь куни Қўқон шаҳар суди фуқаро Ҳумоюн Тўхтамуродовни Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топиб, уни 6 ой озодликдан маҳрум қилган.

Суд ҳужжатида ёзилишича, Ҳумоюн Тўхтамуродов 2023 йилнинг 27 ноябрь куни соат 14:00 ларда Қўқон шаҳри Фурқат кўчасида “KIA” русумли автомобилида паст тезликда ҳаракатланиб, ортидан келаётган Damas русумли автомобилга йўл бермаган. Damas бошқарувидаги ҳайдовчи сигнал чалганига қарамай, спортчи йўлни бўшатмаган. 

Шундан сўнг, Damas ва KIA русумли автомобиллар ўртасида ўзаро пойга бошланади ва бу вақтда Damas ичидаги йўловчилар KIA'даги йигитларни таниб қолади. Damas ҳайдовчиси KIA'ни сиқувга олиб, йўл четида тўхташга ишора беради. Damas эгаси уни танишини айтиб, Ҳумоюн Тўхтамуродовга “Ўзлигингизда бўлинг, ўзлигимизни унутмайлик”, қабилида насиҳат беради. Бу гапдан кейин Тўхтамуродов фуқаронинг юзига бир марта уриб юборади. Унинг ёнида бўлган бошқа бир киши жанжалга аралашмоқчи бўлганида, уни ҳам уриб, енгил тан жароҳати етказади.

Гувоҳларнинг судда кўрсатма беришича, фуқаролар ўша ернинг ўзида ярашиб олган, жабрланувчиларнинг Ҳумоюн Тўхтамуродовга нисбатан даъвоси йўқ. Суд шуларни ҳисобга олган ҳолда, спортчи Ҳумоюн Тўхтамуродовни Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топган ва унга 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган. Жазо манзил-колонияларда ўташ белгиланган. 

Суд ҳужжатига кўра, спортчининг жазо ўташ муддати 2023 йил 29 ноябрдан белгиланган. Энди кўпчиликда “агар Тўхтамуродовга 6 ойлик жазо муддатини манзил-колонияда ўташ белгиланган бўлса, нега ҳали 6 ой ўтмай, озодликка чиқди?" деган саволлар ҳам пайдо бўлиши мумкин. 

Таҳририятдаги маълумотларга кўра, спортчи жазо муддатини ўташ учун Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 42-манзил-колонияга юборилган. Унинг адвокати жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судига илтимоснома билан мурожаат қилиб, Тўхтамуродовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасини қўллаб ўталмай қолган жазосидан муддатидан илгари шартли озод этишни сўраган. 

Шу йилнинг 26 февраль куни жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида, суд адвокатнинг илтимосномасини қаноатлантириб, Тўхтамуродовнинг ўталмай қолган 3 ой-у 2 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосидан Ўзбекистон Республикаси ЖК 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳумоюн Тўхтамуродов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг