Давлат пулини “жиғилдонига ураётганлар” жазоланмайдими?
Таҳлил
−
15 Март 2023
119672022 йилда Ўзбекистонда 412 нафар мансабдор маъмурий жавобгарликка тортилган. Биласизми нима учун? Давлат харидларини амалга оширишда рақобатга зид ҳолатларга йўл қўйгани учун. Бу ҳақда 13 март куни Тошкентда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат қўмитасининг халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказган “Давлат харидларини амалга оширишда тил бириктириш ҳолатларига қарши курашиш” мавзусидаги давра суҳбати давомида маълум қилинди.
Давлат харидлари бу бюджет маблағлари ҳисобига ҳукумат ёки давлат идоралари томонидан сотиб олинадиган, мамлакатда ёки чет элларда ишлаб чиқарилган товарлар ва хизматлар дегани.
“Ўзбекистонда ўтган 2022 йилда жами 204 трлн сўмлик давлат хариди амалга оширилган ва бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг эса 23%ини ташкил қилади”, дейди тадбирда нутқ сўзлаган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик қўмитаси раиси ўринбосари Сарвар Назаров.
Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2022 йилги давлат умумий харажатларининг ярмини ташкил қилади.
Бундай харидларни амалга оширишда эса қонунбузилиш ҳолатлари жуда кўп кўзга ташланади.
2022 йил давомида бевосита ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат ва корпоратив бюртмачилар томонидан 6 201 та савдо жараёнида 8 698 та рақобатга зид ҳолатлар аниқланган. Шундан:
• 1 125 та ҳолатда иштирокчилар ўртасида ўзаро келишиб олинган ҳаракатлар (аффилланганлик);
• 313 та ҳолатда бюртмачи ва иштирокчи ўртасида манфаатлар тўқнашуви;
• Шунингдек, ўтган давр мобайнида товар ва молия бозорида 40 тадан ортиқ картел (келишиб олганлик) ва тил бириктириш ҳолатлари аниқланган.
Бундан ташқари, қўмита томонидан 6 728 та ҳолатда савдолар ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартиби бузилгани, 42 та ҳолатда бюртмачилар томонидан савдолар иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштиришда камчиликка йўл қўйилгани, 58 та ҳолатда тендер савдоларидан иштирокчилар асоссиз равишда четлаштирилгани ва давлат ташкилоти ўзига таниш корхонадан товарлар харид қилгани, 432 та ҳолатда эса савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб берилгани фош этилган.
Ҳа, айрим давлат ташкилотлари муайян компаниялар билан ҳеч қандай тендерсиз тўғридан-тўғри шартномалар тузиб келади. Уларга бу ваколатни ҳукуматнинг ўзи берган ахир.
2021 йилда қабул қилинган “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 71-моддасида давлат органлари билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича давлат харидларини амалга ошириш тартиби белгилаб берилган.
Шунингдек, Президентнинг 2018 йил 27 сентабрдаги 3953-сонли қарорида берилган енгилликлар билан давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича “қонуний” харидлар амалга ошириб келинади.
“Энг асосий муаммолардан бири, давлат органларининг харидларни амалга оширишда корхоналар билан ҳеч қандай тендерсиз тўғридан-тўғри шартномалар имзолашидир. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2021 йилги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда давлат харидларига ажратиладиган маблағларнинг катта қисми ёки умумий шартномаларнинг 39 %и тўғридан-тўғри имзоланган. 2022 йилда бў кўрсаткич 42 %ни ташкил этган”, дейди Тошкент давлат юридик университетининг “Бизнес ҳуқуқи” кафедраси бошлиғи Ҳусайн Ражабов.
2022 йилнинг сентябрь ойида Олий Мажлис Сенати икки кунлик тадбир учун нақ 3 млрд 230 млн сўм сарфлаган.
8-9 сентабрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг 14-саммитига келган меҳмонларни биргина кечки овқати учун ёзилган дастурхонидаги гўштли ассорти, дудланган лосось балиғи ва пишлоқ учун салкам 90 млн сўм сарфланган.
Ўтказилган тадбирнинг ташкилий ишлари учун – Конгресс марказининг ижараси ва кофе-брейкга 957 млн сўм, Конгресс марказнинг заллари учун 1,2 млрд сўм ҳамда саммитга келган меҳмонларни овқатлантиришга 1 млрд 56 млн сўм оғринмасдан ишлатиб юборилган.
2022 йилнинг октябрь ойида 60 миллион 375 мингга Вьетнам Социалистик Республикаси Вице Президенти Во Тхи Ан Суан бошчилигидаги делегация билан 25 кишилик тушлик қилинган.
2022 йилнинг 27-28 ноябрь кунлари эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думаси раиси Вячеслав Володиннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи муносабати билан яна айнан мана шу “Sky events” корхонасидан дастурхон учун 151,8 млн сўмлик буюртма берган. Бу сафар корхона давлатга оддий ўзимизнинг сузмани 76 минг сўмга сотган. Бундай мисоллар ва корхоналар аслида анчагина.
Буларнинг ҳаммаси халқ пули. Ота-боболардан қолган гап бор: бели оғримай топганнинг нон ейишини кўр!
Бундай тадбирлар давомида Олий Мажлис Сенатидагилар бир донаси 100 минг сўмлик сомса, порцияси 360 минг сўмлик десерт, порцияси 335 минг сўмлик авакадо ва креветкали салат, донаси 160 минг сўмлик нон ва порцияси 260 минг сўм бўлган грек ёнғоғини паққос тушуришган. Шартномалар эса тепадагиларнинг доимий ҳамкори “Sky Events” корхонаси билан имзоланган. Агар эсингизда бўлса айнан мана шу корхона 2022 йилнинг март ойида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган Тошкент халқаро инвестиция форумида давлатга бир дона сомсани 70 мингга, қулупнайни 200 минг сўмга, бир порция ошни эса 230 минг сўмга пуллаган эди.
Нега ҳеч ким мана шундай фантастик нархли корхоналарга ва халқ пулини сарфлаётган давлат органларига чора кўрмайди?
“Албатта, ҳар бир давлат органи давлат харидларини “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқ амалга ошириши керак. Яъни ўзининг харидини максимал даражада оммага эълон қилиши, ушбу харидда иштирокчилар сонини кўпайтириб, энг яхши таклифни танлаб олиши керак. Юқорида санаб ўтилган тадбирларда ҳар бир кейс алоҳида ўрганилиши керак. Бу қўмитамиз томонидан ўрганиб бориляпти. Ҳуқуқий баҳо берш учун эса харид жараёнида нечта иштирокчи қатнашгани, иштирокчиларнинг таклифлари, техник томонлари, нархлар талаблари қанақа бўлганини ўрганиш керак. Бундай ҳолатлар кенг оммада шубҳа уйғотгани каби давлат харидларини назорат қилувчи масъул органларда ҳам шубҳа уйғотмоқда. Ҳар бир шубҳа уйғотган ҳолат эса ўргалилиши керак. Лекин аниқ далиллар бўлсагина, масала суд тартибида кўриб чиқилсагина биз аниқ хулосага кела оламиз. Афсуски, бошқа давлат органларида ҳам бундай ҳолатлар кўп кўзга ташланмоқда”, дейди Рақобат қўмитаси раиси ўринбосари Амрулло Қаюмов.
Шунингдек, у журналистнинг Сенат тадбирлардаги дабдабавозлик, фақат бир хил корхоналар билан давлат харидини амалга ошираётгани ҳақидаги саволига ҳам жавоб бериб ўтди.
“Ҳа, сиз айтган ҳолат ҳам қўмита томонидан ўрганиляпти. Натижалар чиқиши билан эълон қилинади”, дейди қўмита ўринбосари.
Шуни таъкидлаш жоизки, давлат харидларини амалга оширишда таниш-билишчиликка йўл қўйиш – бу Ўзбекистонда тадбиркорларнинг эркин ривожланишига тўсқинлик қилади, рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатади ва нархларни 20-30 %га ошириб юборади.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси гарчи биз юқорида тилга олган қимматфуруш давлат органларининг айбини очолмаган бўлса ҳам, ўз ваколати доирасида аниқлаган айрим қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан таъсир чоралари кўрилганини айтди. Унга кўра:
• 5 507 та қонун бузилиши ҳолатлари бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ тартибот ва бошқа органларига маълумотномалар киритилган;
• 235 та қонун бузилиши ҳолатлари бюртмачилар томонидан ихтиёрий бартараф этилган;
• 2956 та ҳолат бўйича Қўмита томонидан 620 та иш қўзғатилиб, 530 та кўрсатмалар берилган ҳамда 412 та мансабдор маъмурий жавобгарликка тортилган.
Лекин мажлисда нутқ сўзлаган хорижий экспертлар Ўзбекистондаги далат харидларига оид қонунбузилишларга йўл қўйган мансабдорларга бериладиган жазо чоралари етарли эмаслигини айтди.
“Хорижий экспертлар давлат харидини амалга оширишда тил бириктириш ҳолатларига йўл қўйилса, ўша корхонанинг раҳбарига жаобгарлик мавжудми, деб биздан сўраяпти. Лекин ҳозирги пайтда қонунчилигимизда бундай қонунбузилишга йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарлик мавжуд эмас. Маъмурий жавобгарлик бор ва бу базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача, яъни 3 млн сўм. Бу жуда кам жарима. Биз ҳозирда қонунчиликка жиноий жавобгарликни киритиш бўйича Олий суд ва прокуратура органлари билан ишлаяпмиз. Агар ҳаракатларимиз самара берадиган бўлса, ҳақиқатдан ҳам бундай қонунбузилишларнинг олди олинар эди”, дейди Рақобатни ривожлантириш қўмитаси масъули.
Хорижий мамлакатларда эса давлат харидларини амалга оширишда картель келишувлари (жамоавий келишувлар) ҳамда тил бириктиришлар учун молиявий ва жиноий жавобгарликлар белгиланган бўлиб, молиявий жарималар миқдори жами йиллик товар сотиш тушумига нисбатан Европа Иттифоқи, Германия, Хитой ва Австралияда – 10 %гача, Жанубий Кореяда давлат харидининг – 10 %игача ёки 2 млн долларгача, АҚШда – 100 млн долларгача, Буюк Британияда ички бозордаги тушумнинг 30 фоизигача, Японияда 4 млн долларгача жарималар солинишига олиб келади. Давлат харидларини амалга оширишдаги тил бириктиришлар, таниш-билишчилик шунингдк, жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Европа Иттифоқи, Япония, АҚШ ва Жанубий Кореяда 5 йилдан 10 йилгача, қўшни Қозоғистонда бундай мансабдорлар 6 йилгача озодликдан маҳрум қилинади. Шунингдек, Норвегияда ҳам 6 йил, Россияда эса 7 йилгача ва Канадада 14 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.
Аслида давлат харидларини амалга оширишда қонунбузилиш ҳолатлари бунданда кўп. Масъуллар давлат харидларини амалга оширишдаги тил бириктириш ҳолатларини билади, лекин исботлай олмайди.
“Давлат харидларида таниш-билишчилик ҳолатларини аниқлашдан кўра уни исбатлаш жуда катта муаммо ҳисобланади. Аксар ҳолатларда Рақобат қўмитаси давлат харидларида тил бириктириш ҳолатлари борлигини билади, лекин исботлай олмайди. Бунда Ўзбекистондаги шароитлардан келиб чиқиб таклифлар берилиши керак. Биздаги энг катта муаммо бу – далил! Жаҳон банкининг 2010 йилги маълумотларга кўра, тил бириктиришлар оқибатида давлат бюджети ўртача 20-40 фоизгача ошиб кетади. Бунда нафақат солиқчиларнинг пули исроф бўлади, балки инсофли тадбиркорларнинг давлат харидларига бўлган ишончини сўндиради”, дейди Тошкент давлат юридик университетининг Бизнес ҳуқуқи кафедраси бошлиғи Ҳусайн Ражабов.
Шунингдек, у Ўзбекистонда нима учун давлат харидларидаги тил бириктириш ҳолатларининг кўплигини ҳам тушунтириб берди.
“Чунки Ўзбекистон иқтисодиётида ҳали ҳам давлат корхоналарининг улуши катта. Рақобат қўмитасининг сўнгги маълумотларига кўра, бу салкам 50 %ни ташкил этади. Қолаверса, тадбиркорларнинг ҳам асосий даромади айнан давлат харидлари ҳисобланади ва давлат ҳалигача молиявий ресурсларни тақсимловчи ҳисобланади”, дейди Ражабов.
Мамлакатда давлат органлари томонидан турли корхоналар билан эркин, тўғридан-тўғри шартномалар тузилишига чек қўйилмас, амалдорларга хизмат қиладиган лоббистик қонунлар бекор қилинмас экан тепадагилар халқ пулини сочишда, казо-казо давралару, тўкин дастурхонларда, қимматбаҳо меҳмонхоналарга исроф қилишда давом этаверади.
Ўз пули ўзига етиб келмаётган халқнинг аҳволи эса эски ҳаммом – эски тослигича қолиб кетаверади.
LiveБарчаси