“Давлат божи тўғрисида”ги қонунда қандай ўзгаришлар бўляпти?
Жамият
−
19 Ноябрь 2022
8067Бугун, 19 ноябрь куни Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонун кўриб чиқилди ва сенаторлар томонидан маъқулланди. Қуйида асосий ўзгаришларга эътиборингизни қаратамиз.
Мажлисда таъкидланишича, Қонун инсонларга енгиллик яратиш мақсадида нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнларини тубдан соддалаштириш, давлат божидан озод қилиш, давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятларига аниқлик киритишга қаратилган.
Жумладан, Қонун билан вафот этган фуқаронинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия таъминотига нисбатан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани беришда давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгиланган бўлиб, бу борада юзага келаётган муаммолар ҳал этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган тўловлар миқдорини фуқаролар учун тушунарли тарзда баён этилишини ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида давлат божи ставкалари оптималлаштирилган.
Қонунга асосан мол-мулкни ижарага бериш шартномасини тасдиқлаганлик ёки унга ўзгартиришлар киритганлик учун белгиланган давлат божи миқдорлари икки баробарга камайтирилган.
Гаров, ипотека ва лизинг шартномаларини, қарз шартномаларини ҳамда автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун табақалашган давлат божи ставкалари бирхиллаштирилиб, ягона ставка миқдорида белгиланган.
Қонун билан автомототранспорт воситаларини бошқаришга ва тасарруф қилишга оид ишончномалар, шунингдек, автомототранспорт воситаларидан текин фойдаланиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун қариндошлиги бўлмаган бошқа шахслардан ундириладиган давлат божи миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробаридан 2 баробарига камайтирилган.
Бундан ташқари, фуқаролар ўртасида қарз шартномасини тузишда ва ижро этишда эҳтимолий низоларнинг олдининг олиш, судлардаги иш юкламасини камайтириш мақсадида, Қонун билан чет эл валютасида ушбу турдаги шартномаларни нотариал тартибда расмийлаштиришда давлат божи миқдорини икки бараварга камайтириш назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Аввалроқ, Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов қонунга киритилаётган ўзгаришлар сабаб, қарийб 100 миллиард сўм аҳолининг чўнтагида қолишини айтган эди.