Дарахтларни ким, қандай ҳолатларда кесиши мумкин? Қонунчилик нима дейди?
Жамият
−
23 Март 2021
16043Ўзбекистонда дарахтларнинг кесилиши билан боғлиқ муаммолар тез-тез ижтимоий тармоқларда муҳокама мавзусига айланади. Жамоатчилик норозиликлари ва мораторийга қарамай, дарахтларни кесиш ҳамон давом этяпти.
Қайд этиш керакки, дарахтларни кесиш доим ҳам қонунга зид ёки табиат зарари учун қилинмайди. Баъзи ҳолатларда дарахтлар чиригани ёки бошқа сабаб билан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач кесилади. Шу ўринда қайд этиш керакки, қайси ташкилотлар, қандай ҳолатларда дарахтларни кесиши мумкинлиги белгилаб берилган. Қуйида шулар ҳақида сўз юритилади.
Дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш ва дарахтларни хатловдан ўтказишда ваколатли давлат ташкилотлари қуюдагилар:
• шаҳарлар ва туманлар марказларидаги кўчаларда — бириктирилганлигига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;
• бошқа аҳоли пунктларида — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари;
• ташкилотларнинг ҳудудларида — ер эгалари;
• умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида — Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкилотлари;
• темир йўллар бўйларида — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ташкилотлари;
• дарё, сой, ирмоқ, канал, зовур ва ариқлар бўйларида — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва сув хўжалиги органлари;
• фермер хўжалиги ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда — ер эгалари;
• захира ерларида — маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.
Буташдан ҳосил бўладиган шох-шаббаларни олиб чиқиб кетиш ушбу ишларни бажарган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
Ваколатли орган ва ташкилотлар томонидан дарахтлар ва буталарни буталашда уларнинг ўсиш даражасига шикаст етказмасдан, агротехника қоидаларига риоя этган ҳолда буташ ва шакл беришлари шарт.
Дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш ва дарахтларни хатловдан ўтказишда ваколатли давлат ташкилотлари устидан фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жамоат назорати ўрнатишлари мумкин.
Дарахтлар ва буталарни санитария мақсадида кесиш улар табиий омиллар ёки ўсимликлар зараркунандалари ва касалликлари таъсирида зарарланган, қуриётган ёки қуриб қолган ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига таҳдид солаётган, шохлари бетартиб ўсиши натижасида қўшилиб кетган ёки синган, шунингдек, авария ҳолатида бўлган ҳолларда амалга оширилади.
Санитария мақсадида дарахтлар ва буталарнинг шохлари:
• қуриётган ёки қуриб қолган;
• бетартиб ўсиши натижасида ҳовли, кўча ва бошқа жамоат жойларининг кўринишини бузиб турган;
• касалланган;
• турли инфратузилмалар фаолиятига халақит бераётган;
• шунингдек шамол, қор ёки бошқа табиий жараёнлар таъсирида синиши натижасида одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф солаётган ҳолатларда кесилади.
Агар дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддасидасига мувофиқ
—фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шоҳруҳ Олимжонов
LiveБарчаси