“Дача”ни нарколабораторияга айлантирганлар ушланди

3-саҳифа

image

Божхона қўмитасининг Тошкент ва Андижон вилоятлари божхона бошқармаларининг Контрабандага қарши курашиш бўлимлари, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент ва Андижон вилоятлари бошқармалари ҳамда Ички ишлар идоралари вакилларидан иборат махсус тезкор гуруҳ синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрлаб келинган йирик нарколаборатория фаолиятини фош қилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, ўтказилган кенг қамровли тезкор-қидирув тадбирлари давомида дастлаб Тошкент вилоятининг Зангиота туманида олдиндан кузатувга олинган шахс тўхтатилиб, текширилганида унинг ёнида 2 минг сўмлик купюрага ўралган ҳолатда 0,13 гр “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

Наркожиноятнинг илдизига етиб бориш ва тўлиқ бартараф этиш мақсадида тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахснинг кўрсатмасига асосан Тошкент катта ҳалқа йўлининг Зангиота туманидан ўтувчи қисмидаги йўл четида жойлашган омбор кўздан кечирилган. Натижада у ерда 5 дона металл ва елим идишларда синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда қўлланиладиган 900 литр прекурсор сақланаётгани аниқланган.

Тезкор тадбир давомида Андижон вилоятида яна 2 нафар шахс шубҳа остига олиниб, яширин кузатилган. Улар турли манзилларда кўмиб қўйилган 100 литр суюқ ва 25 кг кукун кўринишидаги прекурсорларни олиб, Андижон шаҳрининг Боғишамол маҳалласидаги далаҳовлига олиб борган. Тезкор тадбир давомида ушбу далаҳовли ҳам холислар иштирокида кўздан кечирилганида, у ерда яширин нарколаборатория ташкил қилингани фош бўлган. Далаҳовлида жами 26 кг оғирликдаги “мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси, номаълум кимовий суюклик шаклидаги 5 турдаги 590 литр прекурсорлар сақланаётгани аниқланган.

Дастлабки текширувлар давомида маълум бўлишича, ушбу 2 киши ижтимоий тармоқлардаги “Саймон” лақабли шахс кўмагида 15 минг 800 АҚШ долларига ушбу далаҳовлини сотиб олган ва нарколаборатория ташкил қилган.

Шундай қилиб, ўтказилган кенг қамровли ва кўп босқичли тезкор тадбирлар якунида 26 кг оғирликдаги “мефедрон” ҳамда синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда қўлланиладиган салкам 1,5 тонна прекурсорлар ва кимовий суюқликлар, турли махсус анжомлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Маълумот учун, йил бошидан буён республика бўйлаб божхона органлари томонидан 200 килограммдан зиёд анъанавий ва синтетик гиёҳвандлик воситалари, 27 кг психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида 18 ёшли қиз ва 22 ёшли йигит уйини нарколаборатория айлантирганлиги аниқланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

гиёҳвандлик воситалари нарколаборатория синтетика мефедрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг