Даъво аризаси бизга етиб келмаган! – “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖ

Жамият

image

Шу кунгача 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” сиропини Ўзбекистонга олиб кирган “QURAMAX MEDIKAL” компанияси устидан жиноят иши очилган. 

Бугун, 13 январь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида бўлиб ўтган судда “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖга 2019 йил 10 декабрда фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензия бекор қилинди.

Суд жараёнида иштирок этган QALAMPIR.UZ мухбирининг маълум қилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Тошкент туманлараро иқтисодий судига корхонага берилган лицензияни бекор қилиш бўйича ариза билан мурожаат қилган. 

Суднинг 2023 йил 6 январдаги ажрими билан ССВ ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг аризаси иш юритишга қабул қилинган ва суд иши бугун, 13 январга белгиланган.

Бироқ жавобгар томон – “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖга Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан ҳеч қандай даво аризаси етиб келмаган.

“Жавобгарга даъвогар томонидан берилган ариза шикояти етиб келмаган. Фақатгина судга чақирув қоғози келди. Аризанинг мазмуни билан таниш эмасмиз. Шунинг учун бизга аризани тақдим этиш ва иш билан танишишга имкон беришингизни сўраймиз.Тўғри, сиз процессуал кодекс бўйича тарафларга чақирувнинг почта орқали юборилганлик фактини инобатга оласиз ва бу суд томонидан аризани қабул қилишга асос бўлади. Лекин сиз ҳозир бизга, жавобгар томонга етиб келмаган иш бўйича суд прецессини давом эттиряпсиз. Бизга ўзимизни ҳимоя қилиш учун имконият қолдирмаяпсиз”, дейди корхона адвокати Давронбек Аҳматов.

Шунингдек, у судда жавобгар томони ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ифодалаш учун даъвогар томонидан келтирилган ариза билан танишган бўлиши кераклигини таъкидлади.

“Бу суд жараёни бошланишидан ва даъвогар судга ариза беришидан аввал “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖнинг офиси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хатланган эди. Шунинг учун балки почтачи қайтиб кетгандир”, дея тушунтириш берди корхонанинг вакили адвокат Даврон Аҳматов.

Бироқ, мазкур тушунтиришларга қарамай, Тошкент туманлараро иқтисодий суди жавобгар томонга даъво аризаси билан танишиб чиқиш учун суд мажлисининг ўзида қисқа вақт берди ва бу вақт ҳужжат билан тўлақонли даражада танишиб чиқиш учун етмаслиги айтилса-да, судья ишни кўриб чиқишни давом эттиришини билдирди.

Шундан сўнг, корхона адвокати Давронбек Аҳматов судьяга нисбатан раддия билдирди. Лекин унинг суд иши доирасида судьяни алмаштириш ҳақидаги талабномаси ҳам қондирилмади.

Жуда тезкорлик билан бўлиб ўтган судда бугуннинг ўзида ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Унга кўра эса “QURAMAX MEDIKAL” МЧЖга фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган 2019 йил 10 декабрдаги П6580-сонли лицензия бекор қилиниши ва қўллаш учун яроқсиз дори воситалари муомаладан чиқарилиб, йўқ қилиниши белгиланди.

Корхона вакилининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, суднинг ҳал қилув қарори бўйича ҳужжатлар билан тўлиқ танишиб чиқилгач, Тошкент туманлараро иқтисодий суди қарори устидан аппелация шикояти берилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

лицензия ССВ дори Фармацевтика “Док-1 Макс” “QURAMAX MEDIKAL”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг