COVID-19 пандемиясининг сабаблари ҳали ҳам номаълум – ЖССТ
Олам
−
01 Июль
1559Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тузилган экспертлар гуруҳи COVID-19 пандемияси қандай бошланганини аниқлай олмади. Бу ҳақдаги ҳисобот ташкилотнинг сайтида эълон қилинди.
Ушбу ҳисоботни тузган гуруҳ раҳбари Мариетжие Вентерга кўра, мавжуд илмий далиллар вируснинг ҳайвонлардан одамларга ўтганини кўрсатади – бу хулоса ЖССТ томонидан илк маротаба 2021 йилда айтилган эди.
Ўшанда вируснинг эҳтимолий манбаи сифатида ҳайвонлар лабораториядан чиқиб кетган деган тахмин “ниҳоятда эҳтимолдан йироқ” деб баҳоланганди. Бироқ уч йиллик изланишлар давомида ЖССТ гуруҳи Хитойдан зарурий маълумотларни, хусусан, генетик кетма-кетликлар ва биологик хавфсизлик чораларига оид тафсилотларни ололмаган. Шунинг учун лаборатория версияси тўлиқ текширилмаган ва исбот қилинмаган ёки рад этилмаган.
Вентернинг таъкидлашича, бу назария кўпроқ сиёсий қарашларга таянади, илмий асосга эга эмас. 27 нафар олимдан иборат гуруҳ якдил фикрга келмаган. Улардан бири ҳисобот чиқарилишидан олдин тарк этган, уч киши эса исмини ҳужжатдан чиқаришни сўраган.
Ушбу хулосалар асосида лаборатория манипуляциялари бўлганига далиллар топилмаган, шунингдек, 2019 йилнинг декабридан аввал вируснинг бошқа мамлакатларда тарқалгани ҳақида ҳам ишончли маълумот йўқ.
ЖССТ раҳбари Тедрос Гебреисус коронавирус манбасини аниқлашни “ахлоқий бурч” деб атаган. Чунки COVID-19 20 миллиондан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлиб, дунё иқтисодиётига 10 триллион долларлик зарар етказди.
2020 йилнинг бошларида Хитой ҳукумати вирус келиб чиқишини ўрганиш бўйича ички ва халқаро тадқиқотларни тўхтатиб қўйганди, ЖССТ эса имкониятларни қўлдан бой берганди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Дональд Трамп вирусни Хитой лабораториясидан чиққан деб ҳисоблаган аммо, разведка идоралари бу тахминни тасдиқловчи далиллар топмаган. Хитой расмийлари эса бунга қатъий рад жавоби бериб, изланишлар бошқа давлатларда ҳам ўтказилиши кераклигини таъкидлаган.
LiveБарчаси