Чимаев ва Диас жанги бекор бўлди. UFC уларга бошқа рақиб берди

Спорт 10006
image

Эртага, 11 сентябрь куни Лас-Вегасда (АҚШ) бўлиб ўтиши режалаштирилган UFC 279 мусобақасининг асосий кардида жиддий ўзгариш бўлди. Бу ҳақда UFC матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этиш керакки, UFC 279 нинг асосий жанги Ҳамзат Чимаев ва Нейт Диас ўртасида кечиши керак эди. Аммо Ҳамзат белгиланган вазндан 3,5 кг оғирроқ чиққан. Бу вазиятда Диас жанг ўтказишдан бош тортиб, UFC'дан яхшигина компенсация ундириши ёки бўлмаса, Чимаевнинг ҳам гонорарларининг бир қисмини олиш эвазига октагонга кўтарилиши мумкин эди. Аммо Нейт жангдан воз кечиш йўлини танлади.

Бироқ промоушен раҳбари Дана Уайт муаммонинг оқилона ечимини топди.  Дана асосий карддаги жангларнинг рақибларини ўзаро алмаштирди. Унга кўра, марказий жангда икки афсона Нейт Диас ва Тони Фергюсон тўқнаш келади. Ҳамзат Чимаевга эса Кевин Холланд насиб қилди. Аслида Фергюсон билан тўқнаш келиши керак бўлган Ли Жинлианг Даниэл Родригес билан куч синашадиган бўлди.

Аввалроқ, UFC 279 турнири олдидан ўтказилиши керак бўлган матбуот анжумани бекор қилинган эди. Бунга сабаб сифатида Диас ва Чимаевнинг жамоалари ўртасида келиб чиққан оммавий жанжал кўрсатилган. Муштлашувда икки тарафдан 100 киши иштирок этган.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 501
Рейтинг: 3
t
×