Чилонзор тумани прокурори ва ҳокими ҳам ҳибсга олиниши керак – Кушербоев прокуратурага талаб қўйди (видео)
Жамият
−
10 Сентябрь 2022
15154Ўзбекистонда прокуратура органи холис, адолатли бўлса, Чилонзор тумани прокурори ва ҳокимига ҳам жиноят иши очиб, улар ҳам ҳибсга олиниши керак. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев шундай талаб билан чиқди.
"Бугун Тошкент Экология бошқармаси бошлиғи дарахт кесилиши ва қурилишга йўл қўйгани сабабли прокуратура томонидан ҳибсга олинибди. Агар прокуратура холис, адолатли бўлса, ўзига номуносиб иш бошлаган Чилонзор туман прокурори дарахт кесилишига йўл қўйгани учун, жумладан прокуратура (биноси – таҳр.) нинг тўғрисида дарахтлар кесиб ташланишига бефарқлик билан қарагани, совуққонлик қилгани учун у ҳам экологияни раҳбари билан бирга жавоб бериши керак”, дейди депутат.
Унинг сўзларига кўра, Чилонзор тумани ҳокими ва прокурорига ҳам чора кўрилмаса, прокуратура органи бир томонлама ишлаётган идорага бўлиб қолади.
“Чилонзорнинг ҳокими ва прокурорига ҳам жиноят иши қўзғатилиб, улар ҳам жавобгарликка тортилишини талаб қиламиз. Шунда адолатли бўлади. Акс ҳолда прокуратура кучи етган одамларни қамаш билан шуғулланаётган, бир томонлама иш кўраётган орган бўлиб қолади. Марҳамат мард бўлсангиз, ўзингизнинг тизимингиздагиларга ҳам чора кўришни бошланг”, дейди Кушербоев.
Депутатнинг қайд этишича, агарда уларга чора кўрилмаса, прокуратура дарахт ҳимоячиларини синдириб, "ерфуруш"ларни ҳимоя қилмоқчи, деган хулоса келиб чиқади.
“Демак, бошланишига Чилонзордаги прокурор ва ҳокимга жиноят иши очилишини кутамиз”, деб ёзган депутат ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 сентябрь куни Тошкентнинг Чилонзор туманида 58 туп манзарали ва мевали дарахтлар тўғридан-тўғри тақиқ борлигига қарамай хусусий қурувчи компанияи томонидан илдизи билан кесиб ташланганди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси дарахтлар кесилиши оқибатида табиатга 797 700 000 сўм миқдорида зарар етказилган деб баҳолади. Бош прокуратура қурувчи ташкилот раҳбари табиатга етказилган 797,7 млн сўм зарарни тўлиқ қоплаганини маълум қилди.
Ҳолат бўйича қурувчи ташкилот мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
10 сентябрь куни эса Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни мухофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ф.Д. Жиноя кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди билан гумон қилинувчи тариқасида жиноий ишга жалб қилиниб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушлангани маълум бўлди.
LiveБарчаси