Чавушўғлу ва Блинкен Россия-Украина ўртасидаги тарангликни муҳокама қилди 

Олам 3132
image

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу кеча, 3 январь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда ТАССга Туркия Ташқи ишлар вазирлигидаги манба маълум қилган.  

“НАТО ва ЕХҲТ учрашувлари арафасида бўлиб ўтган музокаралар чоғида томонлар Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги кескинлик, стратегик механизмни фаоллаштириш (Анқара ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш), Туркия ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, Судан, Эфиопия ва Кавказдаги воқеаларни муҳокама қилган”, дейилади хабарда. 

Таъкидланишича, Блинкен ва Чавушўғлу “Украинада Россиянинг таҳдиди кучайиши билан боғлиқ ҳолда келгусида мувофиқлаштириш муҳимлиги ҳақида” гаплашган. 

Маълумот ўрнида, Россия ва АҚШ Президентлари Владимир Путин ва Жо Байден ўртасидаги телефон мулоқоти ўтган йилнинг 31 декабрига ўтар кечаси бўлиб ўтди. Суҳбат 50 дақиқа давом этди. 

Россия етакчисининг ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга Кремль икки давлат Президентлари ўртасидаги мулоқотдан мамнунлигини, умуман олганда, суҳбат конструктив тарзда ўтганини айтди. Унинг сўзларига кўра, суҳбатнинг асосий мавзуси хавфсизлик кафолатлари бўйича бўлажак музокаралар бўлиб, етакчилар уларнинг боришини шахсий назоратда ушлаб туриш ва телефон алоқаларини давом эттиришга келишиб олган. 

Жорий йилнинг 10 январь куни Женевада Россия Федерацияси ва АҚШ ўртасида хавфсизлик кафолатлари бўйича музокаралар ўтказилиши режалаштирилган. 12 январь куни Россия Европадаги хавфсизлик муаммоларини, шунингдек, Россиянинг хавфсизлик кафолатлари бўйича лойиҳаларини НАТО-Россия кенгашининг Брюсселдаги йиғилишида ва 13 январь куни ЕХҲТ Доимий кенгашининг Венадаги йиғилишида муҳокама қилади. 

Украина атрофидаги вазият 

Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатларида, шунингдек, Киевда Россиянинг Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақида даъволар илгари сурилмоқда. Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков бундай маълумотни бўш ва асоссиз кескинликнинг кучайиши деб атади. Унинг таъкидлашича, Россия ҳеч кимга таҳдид солмайди. Шу билан бирга, у бундай баёнотларни оқлаш учун провокациялар бўлиши мумкинлигини истисно этмаган ва Украина жануби-шарқидаги инқирозни куч билан ҳал қилишга уринишлар энг оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 77
Рейтинг: 3
t
×