Чавушўғли Россия ва Украина уруши қанча давом этиши ва қандай тугашини айтди
Олам
−
24 Ноябрь 2022
16438Россия Федерацияси ва Украина ўртасидаги уруш жанг майдонидаги муваффақият билан эмас, балки у ёки бу тарзда музокаралар столида тугайди. Бу фикрни кеча, 23 ноябрь куни Анқара университетларидан бирида Туркия ташқи сиёсатига бағишланган анжуманда сўзлаган Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли билдирди.
Чавушўғли Россия Федерацияси ва Украина Ташқи ишлар вазирларининг Анталиядаги учрашуви ҳамда Россия Федерацияси ва Украина делегацияларининг Истанбулдаги юзма-юз учрашувидан сўнг томонлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга яқин бўлганини эслатди. Бироқ, кейин томонлар мулоқотдан воз кечган.
“Бугунги шароит март ойида бўлганидан кескин фарқ қилади. Янги ҳақиқатлар мавжуд. Вазият мураккаброқ, аммо умидни йўқотмаслик керак”, дея ишонч билдиради вазир.
Унинг сўзларига кўра, Украинадаги ҳарбий компонентга таянган ҳолда, урушнинг ўнлаб йилларга чўзилиш хавфи бор.
Туркия дипломатияси раҳбари Анқаранинг Россия-Украина урушини тугатишга қаратилган саъй-ҳаракатларига эътибор қаратди.
Чавушўғли, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг шахсий саъй-ҳаракатлари туфайли Киев ва Москва ўртасида асирлар алмашинуви мумкин бўлганини эслатди. Яна турк томонининг ташаббуси МАГАТЭ бош директорининг Россия давлат корпорацияси Росатом делегацияси билан “Запорожье” АЭС бўйича учрашуви ташкил этилди.
Туркия вазирининг таъкидлашича, Президент Эрдўған НАТО етакчилари орасида Украина ва Россия Федерацияси Президентлари билан тенг ҳуқуқли мулоқот қила оладиган ягона шахсдир.
“НАТОга аъзолик Россия ёки бошқа давлат билан мулоқотдан воз кечишни англатмайди. Тўғри мувозанатни сақлаш муҳим”, дейди вазир.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь