ChatGPT Шимолий Корея хакерларига сохта ҳужжатлар тайёрлаб берди
Олам
−
16 Сентябрь 2025 3747 1 дақиқа
Шимолий Корея хакерлари Жанубий Кореяга қарши ҳужумларда ChatGPT’дан фойдаланиб, сохта ҳужжатлар яратди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Хакерлар сунъий интеллект ёрдамида сохта шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар суратларини ясаб, уларни "фишинг" хатларида ишлатган. Хатлар ичида зарарли дастурий таъминотга олиб борувчи ҳаволалар бўлиб, улар қурилмалардан махфий маълумотларни ўғирлаш учун мўлжалланган эди.
Ҳужумларнинг асосий нишонлари – Шимолий Корея билан фаолияти боғлиқ бўлган жанубий кореялик журналистлар, тадқиқотчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари бўлган. Зарарли хабарлар Жанубий Корея ҳарбий хизматининг расмий доменига ўхшаш манзилдан юборилган.
Жанубий Кореянинг киберхавфсизлик компанияси Genians’ мутахассислари ChatGPT’да мавжуд чекловларни айланиб ўтиш орқали сохта ҳужжатларни яратиш мумкинлигини тасдиқлаган. Гарчи Жанубий Кореяда давлат гувоҳномаларини қайта ишлаб чиқиш қонун билан тақиқланган бўлса-да, хакерлар савол ифодасини ўзгартириш орқали чат-ботдан бундай тасвирларни олишга эришган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Open AI ўзининг ChatGPT сунъий интеллект чат-боти учун боланинг руҳий ҳолати ёмонлашганида ота-онани хабардор қилиш каби янги назорат функциясини эълон қилганди.