Чад Франциядан қўшинларини Рамазон ойидан олдин олиб чиқишни талаб қилди

Олам

image

Франция ҳукумати жорий йилнинг 19 декабрь куни кечқурун Чад ҳукуматидан француз ҳарбий контингентини 31 январга қадар ушбу Африка мамлакатидан тўлиқ олиб чиқиб кетиш тўғрисида буйруқ олди. Бу ҳақда “Le Monde” хабар берди.

Франция халқаро радиоси (RFI) суҳбатдошлари Чаднинг талабларини реал эмас деб атаган. Франциянинг юқори мартабали ҳарбий амалдорлари оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида минглаб аскар ва кўплаб жиҳозларни етти ҳафта ичида олиб чиқиб кетишнинг иложи йўқлигини айтган. Улар қабул қилинган буйруқни “Чаддаги ҳокимият доираларининг босими” деб атаган, шу билан бирга музокаралар давом этаётганини тушунтирган.

Чад расмийларига яқин манбанинг айтишича, француз қўшинларини олиб чиқишнинг дастлабки жадвали март ойигача ҳисобланган, бироқ у жуда узоқ деб ҳисоблангани учун рад этилган. RFI суҳбатдошининг айтишича, Чад учун энг яхши вариант февраль ойи охиригача ёки мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи (12 март) бошланишидан олдин ҳарбийларни олиб чиқиш бўлади. У вазиятнинг Саҳел давлатлари иттифоқига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, ҳар икки томонга мос келадиган ечим топишга ҳаракат қилинаётганини қўшимча қилган.

RFI таъкидлашича, бир неча кун аввал Франциянинг Mirage-2000 қирувчи самолёти Чад пойтахти Нжамена яқинидаги авиабазани тарк этган, кейинги ҳафта эса Франциянинг Файя-Ларжо (50 нафар аскар) ва Абеше (тахминан 100 киши) назорат-ўтказиш пунктлари эвакуация қилиш бошланади.

“Биз кучлар ва активларни бўшатиш жадал суръатлар билан давом этаётганини кўрсатмоқчимиз”, дея таъкидлаган француз ҳарбий амалдорлари.

Улар бу ҳудудлар Нжаменадан ўн кундан кўпроқ масофада жойлашганини қайд этган. Кейинчалик Чад пойтахти яқинидаги Аджи-Коссей базасидан француз ҳарбийларини олиб чиқишни бошлаш режалаштирилган.

Чад илгари Франциянинг мустамлакаси эди. Африка Республикаси 1960 йилда мустақилликка эришди. 29 ноябрь куни мамлакат ҳукумати Франция билан 2019 йилда имзоланган мудофаа шартномасини бекор қилди. Чад ҳукумати бу қарорни республика суверенитетини ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлади. Чад Ташқи ишлар вазирлигига кўра, шартноманинг бекор қилиниши мамлакатга стратегик шериклик муносабатларини қайта кўриб чиқиш имконини беради.

Апрель ойида республика ҳукумати Американинг Аджи-Коссей авиабазасидаги ҳарбий фаолиятини тўхтатишни талаб қилиб, уларнинг мавжудлиги учун асос йўқлигини кўрсатди. Ўша ойда Пентагон баъзи ҳарбий хизматчиларни Чаддан олиб чиқиб кетганини эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон “эртанги урушга” тайёргарлик кўришга чақирганди. Франция Президенти Украина можаросидан олинган сабоқларни ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлаб, армияни қайта қуроллантиришни тезлаштиришга ва 2025 йилги ҳарбий дастурга тузатишлар тайёрлашга чақирди. Тузатиш фақат тафсилотлар ва маблағларнинг тақсимланишига таъсир қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Африка Рамазон ойи Чад RFI

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг