Буюк Британия Украинага уранли снарядлар юборди 

Олам

image

Буюк Британия Украинага Challenger 2 танклари учун минглаб снарядлар, жумладан, таркибида уран бўлган ўқ-дорилар юборди. Бу ҳақда Буюк Британия Мудофаа вазири ўринбосари Жеймс Хиппининг депутат Кенни Макаскиллнинг саволларига ёзма йўллаган жавобларида айтилади.

"Биз Украинага минглаб Challenger 2 снарядларини, жумладан, зирҳни тешувчи уранли ўқларни жўнатдик. Операцион хавфсизлик нуқтаи назаридан биз етказиб берган тўпламларнинг ишлаши ҳақида изоҳ бермаймиз", деган Хиппи.

Шунингдек, вазир ўринбосари Буюк Британия томонидан етказиб берилган Challenger 2 танклари ва уранли ўқ-дорилар Украинага топширилгани, энди улар Украина Қуролли кучлари томонидан назорат қилинишини маълум қилган.

“Мудофаа вазирлиги Украина Қуролли Кучлари томонидан уранли ўқ-дорилар қўлланилган жойларни кузатмайди", дейилади ёзма жавобда.

Бундан ташқари, Қироллик Мудофаа вазирлиги уруш тугагандан сўнг Буюк Британияда уран снарядларини тозалаш мажбурияти йўқлигини айтган.

Шу билан бирга департамент бошлиғи ўринбосари Лондон можаро тугаганидан сўнг Украинанинг хавфсиз, фаровон ва эркин мамлакатга айланишига ёрдам бериш ниятида эканлигига ишонтирган.

Эслатиб ўтамиз, Британия Мудофаа вазири ўринбосари баронесса Аннабель Голди ҳукумат Украинага зирҳли транспорт воситаларини йўқ қилиш самарадорлигини оширадиган, таркибида уран бўлган снарядлар етказиб беришини эълон қилган эди. Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу бу ҳаракат ядровий тўқнашув тобора яқинлашаётганини англатишини айтди. Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин ҳам агар Буюк Британия бунга қарор қилса, биринчи навбатда Европага таъсир қиладиган глобал фожиа содир бўлишидан огоҳлантирган эди. Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли эса Украинага таркибида уран бўлган снарядларни етказиб бериш можаронинг ядровий кучайишига олиб келмаслигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Британия уран снарядлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made