Буюк Британия Украинага Россия ҳудудига ҳам зарба бера оладиган ракеталарни бериши мумкин
Олам
−
09 Май 2023
9120Буюк Британия Киевга узоқ масофали ракеталарни беришга тайёрланмоқда. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.
Маълум қилинишича, Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Украина учун очилган фонддан мамлакатга 300 километргача бўлган масофага зарба бериш қобилиятини таъминлашга “манфаат билдириши”ни сўраган. Фонд уч кун ичида жавоб билдиришини маълум қилган.
Нашр хабарида айтилишича, ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган. Бироқ шунинг ўзи Украинани узоқ масофали ракеталар билан таъминлашда катта қадам экани таъкидланган. Шунингдек, сўралган қурол авиация ёрдамида учириладиган Storm Shadow қанотли ракетаси бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Украина узоқ вақтдан бери Ғарбдан шундай турдаги ракеталарни беришини сўраб келади. Аммо АҚШ бошчилигидаги иттифоқчилар мазкур қуроллар орқали Россия ҳудудларига зарба берилиши мумкинлигидан чўчиб, унинг илтимосини қайта-қайта рад этаётганди. Агар мамлакат узоқ масофали ракеталарга эга бўлса, Қрим ва мамлакат шарқида вақтинча босиб олинган ҳудудлардаги Россия қўмондонлик пунктлари, таъминот линиялари, ўқ-дори ва ёқилғи омборларига зарба бериш имкони яратилиши ва бу урушнинг боришини ўзгартириши мумкин.
Хабарларга кўра, Киев яқин ҳафталар ичида қарши ҳужумга ўтишга тайёргарлик кўраётгани сабаб, узоқ масофали ракеталар фронт чизиғидан анча орқада туриб, зарба бериш орқали танклар ва пиёда қўшинларга ҳужумга ўтиш учун йўл очиб беради.
Storm Shadow қанотли ракеталари Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган Украина самолётларига ўрнатилиши мумкинлиги маълум қилинган. Ушбу қурол орқали Россия ҳудудига ҳам зарба бериш мумкин. Ўз навбатида Киев тақдим этилган қуроллардан Россияга зарба беришда фойдаланмасликка ваъда бермоқда.
LiveБарчаси