Бувайдада “замҳоким”нинг зўравонлигига учраган эколог ҳам қамоққа олинди
Crime
−
30 June 17002 2 minutes
2025 йилнинг ноябрь ойида Фарғона вилоятининг Бувайда туманида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси инспектори Аҳроржон Ниёзовга туман ҳокими ўринбосари Саидали Хизиров куч ишлатиб, орган ходимлари ёрдамида туман Ички ишлар бўлимига олиб кетганидан хабарингиз бор. Ўша вақтда экология инспекторига нисбатан куч ишлатиш республика миқёсида катта муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Орадан кўп ўтмай, туман ҳокими ўринбосари Саидали Хизиров эгаллаб турган лавозимидан бўшатилгани, жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди. Ўтган ой бўлиб ўтган суд ҳукми билан Саидали Хизиров Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан айбли деб топилган. Унга нисбатан бир йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари (61 миллион 800 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Жабрланувчи Аҳроржон Ниёзов судланувчиларга нисбатан оғирроқ жазо тайинлашни сўраб, апелляция шикояти киритган. Аммо жорий йилнинг 3 июнь кунги Фарғона вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аппеляция инстанциясининг ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.
Жиноят иши якунига етиб, суд ҳукми эълон қилинганидан кўп ўтмай, экология бўлими ходими Аҳроржон Ниёзовнинг ўзи ҳам қўлга олинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси тарқатган ахборотдан англаш мумкин.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси берган хабарга кўра, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида экология бўлими ходими 9,5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пора билан ушланган.
Терговга қадар текширув материалларига кўра, у туманнинг “Араб” маҳалласи ҳудудига кирувчи 4 гектар ер майдонидаги ёввойи дарахтларнинг кесилиши ва қумдан тозаланишига бир йил кўз юмиб, чора кўрмаслик учун фуқародан 10 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида пора олишда воситачилик қилган шахс ҳамда порани қабул қилган мансабдор экология ходими ашёвий далиллар билан қўлга олингани айтилмоқда.
Шунингдек, воситачи шахс бошқарувидаги автомашина ҳам кўздан кечирилганда, гиёҳвандлик воситаларига ўхшаш моддалар борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида расмийлаштирилган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.