Бунга йўл қўймаймиз! – ИИВ ТикТокерларнинг ота-оналарини жиддий огоҳлантирди

Жамият

image

Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларнинг TikTok платформасида фуқароларнинг, айниқса ёшларнинг ўзларига эътибор жалб қилиш мақсадида, турли масхараномуз, одоб-аҳлоқ қоидаларига зид ҳаракатлари тасвирланган видеолари кўплаб кузатилмоқда. Шу сабабдан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ТикТокерларнинг ота-оналарини жиддий огоҳлантирди.

“Ҳурматли ота-оналар, фарзандларингизнинг тарбиясиз ва одобсиз қилиқларига кўз юмсангиз, биз бундай ахлоқсизликка йўл қўймаймиз.

Эсингизда бўлсин, фарзандингизга ҳам буни уқтиринг, фуқароларнинг осойишталигини ҳамда жамиятда юриш туриш қоидаларини бузиш – майда безорилик ҳисобланади ва 15 суткагача қамоқ билан жазоланади.
Огоҳлантирамиз! Фарзандларингизни назорат қилинг, ёшлигидан талтайтириб, кейин афсусланиб юрманг”, дейилади ИИВ ахборотида.

Ҳақиқатан ҳам TikTok дардида қонунбузилиши ҳолатларини содир этаётганлар кам эмас. Хусусан, аввалроқ Андижонда фуқаро TikTok’да машҳур бўлиш учун поезд тагига ётиб олганди. У бундай хатти-ҳаракатни TikTok’да машҳур бўлиш, кўпроқ лайк йиғиш учун жойлаган.

Андижон шаҳридаги “Хотира” хиёбонида қилган майда безориликлари билан танилиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган “TikTok’чилар” иши маъмурий судга оширилганди.

Шунингдек, Гулистон шаҳар марказидаги чорраҳалардан бирида йўл ҳаракати қоидаларини четлаб ўтиб, автомобиллар ҳаракатига ҳалақит бериб TikTok учун йўл ўртасида рақсга тушган ТикТокерлар жазоланганди.

Фарғонада ҳам синф хонасида ўқитувчисининг олдида пиротехника воситасини портлатганини видеога олиб, уни TikTok’га жойлаган ўқувчилар бир йил муддатга туман ИИБда профилактик ишлари олиб бориш учун рўйхатга олинганди.

“Лайк” йиғиш дардида турли қрнунбузилиши ҳолатларига қўл ураётган ТикТокерларни қўллаб-қувватлаётган давлат амалдорлари ҳам йўқ эмас. Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ТикТокерларнини чеклаш эмас, уларга имконият бериш кераклигини айтганди

“ТикТок ҳам ижтимоий тармоқлар, интернет оламининг бир қисмига айланиб улгурди. Уларни чеклаш эмас, балки тўғри йўлга солишимиз керак. Ўзбекистон – демократик давлат. Бизга чеклаш ярашмайди. Уларни тўғри йўлга солсак, бугун арзимасдек кўринган ўша ёшлар эртага керакли инсонга айланади”, деганди ҳоким.

Шунингдек, “Tashkent city”да жойлашган Congress Hall мажмуасида, “Тошкент ёшлар форуми – 2020”нинг тантанали очилиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳам TikTok ижтимоий тармоғида саҳифаси бор экани маълум бўлганди.

Шундан сўнг, барча TikTok ижтимоий тармоғида оммалашган мусиқага рақсга тушганди. Шу жумладан, шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамда Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ҳам TikTok трендига рақсга тушганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

231

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг