“Бунёдкор”нинг собиқ спорт директори ПФЛ раҳбари бўлди
Спорт
−
17 Июнь 2019
4670Аввалроқ, Ўзбекистон Профессионал футбол лигасига 2017 йилнинг 10 октябридан буён раҳбарлик қилиб келаётган Омон Ғофуров бошқа ишга ўтаётганлиги муносабати билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзгани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 17 июнь куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигасида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон футбол ассоциациясидан Равшан Эрматов, Аваз Максумов, Шоакрам Исроилов ҳамда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлигидан Ойбек Касимов иштирок этди.
Йиғилишда бош директор сифатида фаолият юритиб келган Омон Ғофуровнинг ташкилот раҳбарлигидан бўшаш тўғрисида ариза ёзганидан сўнг Профессионал футбол лигасига янги раҳбар тайинлаш масаласи кўрилди.
ЎзПФЛ Уставига кўра, ЎзПФЛ Ижроия қўмитаси аъзолари ташкилот бош директорини тасдиқлаши лозим. Шундан келиб чиқиб, ЎзПФЛ бош директори лавозимига футбол соҳасида узоқ йиллар мобайнида фаолият олиб бориб тажриба тўплаган Даврон Ғайратович Шоқурбонов номзоди тавсия этилди.
Йиғилишда иштирок этган ЎФА вице-президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Равшан Эрматов Профессионал футбол лигасининг миллий футболдаги энг муҳим бўғинлардан бири эканини таъкидлаб, ЎзПФЛнинг олдинги раҳбариятига миннатдорчилик билдирди ва ушбу масъулиятли даврда иш бошлаётган янги раҳбарга омад тилади. ЎзПФЛ Ижроия қўмитаси қарорига қадар Даврон Шакурбанов ЎзПФЛ бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Даврон Шоқурбонов 1972 йил таваллуд топган. Маълумоти – олий. Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. Турли йилларда Тошкент шаҳар футбол федерациясида масъул котиб, шунингдек, “Бунёдкор” клубида техник ва спорт директори лавозимларида фаолият олиб борган.