Бухоронинг тарихий қисмида электросамокат ва рикшада ҳаракатланиш тақиқланади
Жамият
−
10:08 357 2 дақиқа
Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида электроскутер, рикша, мопед, 4 ғилдиракли велосипед, электросамокат, картинг, шунингдек от ва туяда ҳаракатланиш чекланади. Бу ҳақда Бухоро шаҳар ҳокимлигининг “Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида йўловчи ташишга мўлжалланмаган воситалар ҳаракатини тартибга солиш тўғрисида“ги қарорида сўз боради.
Маълум қилинишича, тегишли қарор 2026 йилнинг 1 октябридан кучга киради.
Ҳужжатга кўра, чеклов Арк қўрғонидан Пойи Калон ансамбли, Ҳақиқат кўчаси бўйлаб Лаби Ҳовуз ансамблигача бўлган ҳудудда амал қилади.
Қайд этилишича, ушбу ҳудудда йўловчи ташишга мўлжалланмаган турли хил электромобиллар, рикша, веломобил, велосипед, скутер, электрон болалар машиналари ва бошқа механик ҳамда электрон ҳаракатланиш воситалари сони кескин ошган. Бу эса туристлар ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланишига хавф туғдириб, айрим ҳолларда тан жароҳати етказилишига сабаб бўлган.
Шунингдек, масъул ташкилотларга тарихий ҳудудда қонунчилик талабларига жавоб бермайдиган транспорт ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларидан фойдаланишни чеклаш чораларини кўриш топширилган.
Чеклов доирасида қонунчилик талабларига жавоб бермайдиган воситаларда йўловчи ташишга йўл қўйилиш ҳолатларига нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланади. Бундан ташқари, чеклов жорий этиладиган ҳудуднинг кириш ва чиқиш қисмларига тегишли ахборот-кўрсаткичлари ва йўл белгилари ўрнатилади.
Мазкур воситалардан фойдаланиш орқали хизмат кўрсатадиган фуқароларга Янги Ўзбекистон боғи ёки Боқий Бухоро боғи каби махсус ҳудудларда фаолият юритиш ва ўзини ўзи банд қилиш имконияти тушунтирилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳридаги Ботаника боғи ҳудудида барча турдаги велосипед ва самокатлар ҳаракатланиши тўхтатилган эди.
Live
БарчасиПутин Тўқаев билан ҳам телефонлашди
21 сентябр
Қашқадарёда 2300 йиллик оссуарий топилди
21 сентябр