Бухородаги цехда портлаш бўлди. Қурбонлар бор

3-саҳифа

image
Гулистондаги портлаш қурбонларининг оилаларига 100 млн сўмдан берилади north_east

Гулистондаги портлаш қурбонларининг оилаларига 100 млн сўмдан берилади

Бугун, 6 декабрь куни Бухоро вилояти Когон туманида тоғ-кон саноати корхоналари учун портловчи моддаларни ишлаб чиқариш цехида портлаш содир бўлди ва оқибатда 4 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди. 

Ҳодиса соат 09:40 да Когон тумани, “Мустақиллик” МФЙ ҳудудида жойлашган “Shahms LTD” МЧЖга қарашли цехда содир бўлган. У ерда тоғ-кон саноати корхоналари учун портловчи моддалар ишлаб чиқарилган. “Shahms LTD” МЧЖ 2019 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Марказий Осиё ва Ўзбекистон тоғ-кон саноати корхоналари эҳтиёжлари учун янги конларни ўзлаштиришда қўлланиладиган портловчи моддаларни етказиб беришга ихтисослашган корхона ҳисобланади.

Ёнғин Бухоро вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 7 та қутқарув бўлинмалари томонидан соат 10:27да тўлиқ ўчирилган. Корхонага қарашли ишлаб чиқариш цехида рўй берган портлаш вақтида омборда 30 нафар ишчи бўлган, улардан 4 нафари вафот этган. 

Енгил даражада тан жароҳати олган 4 нафар ходим шифохонага жойлаштирилган, уларнинг 2 нафарига амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига рухсат берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Саноат хавфсизлиги қўмитаси раиси Абдуваққос Рафиқов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ҳукумат комиссиясини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинган. Ҳукумат комиссиясига жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш, портлаш оқибатларини бартараф қилиш, ушбу бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган.

Билдирилишича, ҳозирда ёнғин содир бўлган ҳудуд тўлиқ назоратга олиниб, унинг оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 декабрь куни соат 10:50 ларда Гулистон шаҳар, Тараққиёт маҳалласи ҳудудида жойлашган “Bek Family Cafe” МЧЖга қарашли умумий овқатланиш шохобчаси ошхонасида мавжуд бўлган ўчоққа ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда уланган 50 литр ҳажмдаги суюлтирилган пропан газбаллонидан сизиб чиққан углеводород гази ва ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида портлаш юзага келганди. Ҳодиса оқибатида 3 киши вафот этган, 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш ва тан жароҳатлари олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бухоро портлаш Когон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг