Бухорода ҳам боғчалар ёпилди. Вазирлик изоҳ берди
Жамият
−
15 июл 1882 2 дақиқа
Бухоро вилоятида ҳаво ҳароратининг 44–45 даражагача кўтарилиши кутилаётгани сабабли мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.
Бухоро вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг хулосасига кўра, жорий йилнинг 15–17 июль кунлари вилоятдаги барча мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти тўхтатилади. Давлат боғчалари эса 20 июлдан белгиланган тартибда ўз фаолиятини давом эттиради.
“Ҳурматли ота-оналар! Мазкур вақтинчалик чеклов фақатгина фарзандларимизнинг соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган профилактик чора ҳисобланади. Сизлардан ушбу қарорни тўғри тушунишингизни ҳамда ушбу кунларда болаларнинг саломатлигига алоҳида эътибор қаратишингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги боғчаларни ёпиш бўйича барча ҳудудларга умумий топшириқ берилмаганини маълум қилди.
Вазирликнинг QALAMPIR.UZ нашрига берган маълумотида қайд этилишича, мактабгача таълим ташкилотларини вақтинча ёпиш масаласи ҳудудлардаги вазиятдан келиб чиқиб ҳал қилинади.
“Биз томондан, масалан, 15 та боғча ёпилсин ёки 20 та боғча ёпилсин деган топшириқ йўқ. Бу масалани вазирлик, маҳаллий ҳокимликлар, Ўзгидрометнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда Санитария-эпидемиология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ўзаро келишган ҳолда, шароитдан келиб чиқиб ҳал қилади”, дея маълум қилди вазирлик матбуот хизмати.
Вазирликка кўра, бундай қарорлар барча ҳудудлар учун бир хил эмас, балки ҳар бир ҳудуддаги об-ҳаво шароити ва болалар хавфсизлигидан келиб чиқиб алоҳида қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда жорий ҳафта охиригача жазирама кучайиб, ҳаво ҳарорати айрим ҳудудларда 44 даражагача кўтарилиши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Жазирама сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига иссиқ об-ҳаво таъсиридан ҳимояланиш ва саломатликка эътибор қаратиш бўйича тавсиялар берган.
Шунингдек, жазирама сабабли Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ва яна 8 туманидаги боғчалар фаолияти вақтинча тўхтатилиши белгиланди. Кейинроқ эса Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ушбу чоралар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам вазиятдан келиб чиқиб жорий қилиниши мумкинлигини маълум қилди. Шундан сўнг Хоразм вилоятидаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинчалик тўхтатилиши белгиланди. Шу билан бирга, Навоий вилоятидаги айрим боғчалар ҳам вақтинча ёпилган эди.
Live
Барчаси