Бухорода нималар бўляпти? Отабеков коронавирусга чалинганлар кескин кўпайганига изоҳ берди
Жамият
−
08 Апрель 2020
25959Бухоро вилоятида сўнгги кунларда коронавирусга чалинганлар сони кескин ошиб кетди. Бу ҳолат одамларда хавотир туғдирди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков ҳолат бўйича тушунтириш берди.
“Бухоро вилоятига учта давлатдан ҳамюртларимиз олиб келинган. Дастлаб Туркия давлатидан 239 та фуқароимиз олиб келинган. Мана шу 239 нафар фуқаро Туркиядаги Истанбул аэропортида 8 соат ҳеч қандай ҳимоясиз қолиб кетган. Демак улар ўзларининг ҳимоясини эсдан чиқариб қўйган. Келганларидан кейинги дастлабки текширувда уларнинг 66 нафарида касаллик аниқланган.
Бундан ташқари Бухоро вилоятига Россиядан иккита ресда 530 фуқаро олиб келинди, улар орасида ҳам коронавирусга чалинганлар бор. Булар 2-5 кунгача ҳимоя воситаларисиз, мулоқот қилиб, бирга яшашган”, деди Отабеков.
Маълумот учун, 6 апрель куни бу вилоятда беморлар сони 19 нафар эди, 7 апрелга келиб беморлар сони кескин ўсиши кузатилган ва улар сони 84 нафарга етгани хабар берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар сони 534 нафарга етди. Бугунгача уларнинг 30 нафари даволанган, 3 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси