Бухорода 17 ёшли “виртуал валютачи” 34 млрд сўм ишлаб топмаган – ИИВ

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда бухоролик 17 ёшли бола 34 млрд сўмлик криптовалютани ўзи ишлаб топгани учун жавобгарликка тортилгани тўғрисидаги хабар муҳокама қилинмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов муносабат билдирди.

Ғиёсовга кўра, аслида фаоллар таъкидлаган “иқтидор” эгаси оддий “виртуал валютчик”лик фаолияти билан шуғулланиб келган. Хусусан, Telegram’даги ёпиқ (аноним) каналларда “сотувчи” ва “харидор”лар ўзаро танишади ва электрон пулларини криптовалютага ёки криптовалютани пулга айлантириб берган ҳолда “виртуал валютчик”лик билан шуғулланади. Шу кўрсатган хизматлари учун улар ўтказиб берган пуллари миқдорининг 0,1-2 фоизи миқдорида воситачилик ҳақи олади (ўтказиб берган пулининг анонимлиги қанча юқори бўлса, олиб қолинадиган фоиз тўлови ҳам шунга мос бўлади). Бунинг учун “виртуал валютчик”лар битта криптовалютани бошқасига алмаштириш ёки уни пулга (доллар, евро, рубль ва б.) айлантириш имконини берувчи Binance каби махсус платформалардан фойдаланади.

Махсус платформалар содда ва қулай яратилган бўлиб, улардан ахборот технологиялари, ҳатто криптовалюта соҳасида чуқур билимга эга бўлмаган кишилар ҳам бемалол фойдалана олади.

ИИВ матбуот котибининг айтишича, бугунга келиб йирик фирибгарлар, наркотик, қурол, одам савдоси, болалар порнографиясига ихтисослашган уюшган жиноий гуруҳлар ҳисоб-китобларни асосан аноним криптоактивлар орқали амалга оширмоқда. Шунингдек, террорчи гуруҳлар ўзларини молиялаштириш учун криптовалюта орқали маблағ йиғмоқда. Бунинг сабаби шундаки, унинг ёрдамидан фойдаланиб пул маблағларини қисқа вақт ичида, дунёнинг исталган нуқтасига, аноним тарзда ўтказиш мумкин.

Юқорида тилга олинган жиноят ишида гумонланаётган 17 ёшли З.М. 7 ой давомида Binance платформасида 4 мингдан ортиқ 34 млрд сўмлик шубҳали воситачилик (“виртуал валютчик”лик) операцияларини амалга оширган ҳамда воситачилик ҳақи ундириб келган. Бу ҳолатда 34 млрд сўм ишлаб топилган пул йигитнинг даромади эмас, балки тизимдан ўтказилган бошқа бир инсонларнинг пули суммаси. 

Шунингдек, мазкур операциялар таҳлил қилинганда З.М. айлантирган маблағларнинг аксарият қисми пенсия, ойлик, онлайн кредит карталаридан келиб тушганлиги маълум бўлган, яъни ушбу маблағлар фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилган пулларни легализация қилишга ва уларни изини йўқотишга қаратилган ҳаракат эканлиги гумон қилинмоқда. Бунга жавобни эса тергов ва суд органлари беради. Айбсизлик презумпциясига ҳам тўлиқ амал қилинади.

“Шу боис, ушбу жиноят иши тўғрисида чиқишлар қилаётган айрим тармоқ фойдаланувчилари ўз ҳаракатлари билан жамоатчиликни чалғитиб, унинг холис тергов қилинишига халақит қилишини оқлаб бўлмайди. Иш материалларидан хабари бўлмасдан, бу борадаги қонунчилик талаблари билан танишмасдан туриб, билмасдан туриб, бу каби чалғитувчи ва нопрофессионал популистик чиқишлар жуда ачинарлидир”, дейди Шоҳрух Ғиёсов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида тегишли ҳужжатларсиз криптовалюта олди-сотдиси билан шуғулланган 26 ёшли йигит 5 суткага қамалган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

криптовалюта “виртуал валютачи”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг