Эрон қурол-яроғни криптовалютада сотмоқчи
Олам
−
02 Январь 2291 2 дақиқа
Эрон Мудофаа вазирлигининг Экспорт маркази – Mindex хорижий ҳукуматларга замонавий қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича шартномаларни криптовалюта ва эрон риали орқали тўлаш шарти билан таклиф қилди. Шунингдек, идора бартер келишувлари тузишга ҳам тайёр. Бу ҳақда Mindex материалларига таяниб, “Financial Times” хабар берди.
Нашрнинг қайд этишича, бу – давлат даражасида стратегик ҳарбий техника экспорти учун криптовалютани қабул қилишга тайёрлигини очиқ эълон қилган илк ҳолатлардан бири ҳисобланади. Шу йўл билан Эрон ҳукумати Ғарб молиявий чекловларини четлаб ўтишга уринмоқда.
Mindex 30-35 та давлат билан ҳамкорлик қилаётганини билдиради. Экспорт қуроллари каталогига Emad баллистик ракеталари, Shahed дронлари, Shahid Soleimani синфидаги ҳарбий кемалар ва яқин масофали ҳаво мудофаа тизимлари киритилган. Бир неча тилларда ишлайдиган марказ сайтида, шунингдек, енгил ўқотар қуроллар ва кемага қарши қанотли ракеталар ҳам таклиф этилади. Ғарб давлатлари ва БМТ маълумотларига кўра, бу қуролларнинг айрим турлари Яқин Шарқда Теҳрон қўллаб-қувватлаётган гуруҳлар томонидан ишлатилган.
Mindex харидорлар қуроллардан “бошқа давлат билан уруш вақтида фойдаланиш” бўйича шартларга рози бўлиши кераклигини кўрсатади, бироқ бу бандлар “томонлар ўртасида музокара предмети бўлиши мумкинлиги” ҳам таъкидланади.
Анъанавий молиявий тизимлар орқали Эронга тўловларни амалга оширадиган томонлар АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг иккиламчи санкциялари остида қолиши мумкин. “Financial Times”нинг ёзишича, АҚШ расмийлари аввалроқ Эронга рақамли активлардан нефть савдоси ва “соя банк” тармоқлари фаолияти учун фойдаланишда айбловлар қўйган.
Стокгольм тинчлик муаммоларини тадқиқ этиш халқаро институти (SIPRI) баҳосига кўра, 2024 йилда Эрон қурол экспорти ҳажми бўйича дунёда 18-ўринни эгаллаган бўлиб, бу кўрсаткичда Норвегия ва Австралиядан ортда қолган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой ҳукумати Тайванга қурол-яроғ етказиб бергани учун АҚШнинг 20 та мудофаа компаниясига қарши санкциялар киритганди.