Бўқоққа қарши йодомарин берилган экан – Чустда заҳарланган боланинг онаси
Жамият
−
22 Сентябрь 2023
7056Наманган вилоятининг Чуст туманидаги боғчада заҳарланган болалардан бирининг онаси фарзандига буқоққа қарши йодомарин берилганини айтди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг Telegram-каналида маълум қилинди.
Боғчада заҳарланган болалардан бирининг онаси фарзандида кечган ҳолатлар ҳақида гапириб берган.
“Кеча икки фарзандим боғчадан келди. Кечки овқатга ҳеч нима емади. Нима бўлди, деб сўрасам, қорним оғрияпти, деб йиғлашни бошлашди. Бироздан кейин ичи кетди. Қанақа овқат егандинглар, деб сўрадим. Катта фарзандим “бизга дори берди”, деб айтди. Тарбиячисига телефон қилиб сўрасам, буқоққа қарши йодомарин беришган экан”, дейди заҳарланган боланинг онаси.
Онанинг сўзларига кўра, унинг ўзи ҳам мактабда ишлайди ва мактабда ҳам болаларга йодомарин берилган.
“Кечаси кичик фарзандим яна уйғониб, йиғлаб, қорни оғриганини айтди. Катта фарзандимда ҳеч нима бўлмади. Уйда даволашга ҳаракат қилиб кўрдик, лекин бўлмади. Кейин шифохонага келдик. Ҳозир аҳволи анча яхши”, дейди она.
Ҳозирда бу каби ҳолатлар вилоятнинг Поп туманида ҳам қайд этилгани, заҳарланганлар сони 120 нафарга етгани айтилмоқда. Шунингдек, заҳарланишга “Антиструмин” номли дори сабабчи бўлгани ҳам тармоқларда сизиб юрибди.
Эслатиб ўтамиз, Наманган вилоятининг Чуст туманида боғча болалари заҳарланганди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
LiveБарчаси