Бу – теракт. Путин Қримдаги портлаш айбдорлари кимлигини айтди

Олам

image

Россияни Қрим яримороли билан боғлочи Керч (Қрим) кўпригининг бузилиши муаллифлари, буюртмачилари ва ижрочилари Украина махсус хизматлари бўлган. Россия Президенти Владимир Путин Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин билан учрашувда шундай фикр билдириб, ҳодисани теракт деб баҳолади.

“Бу ўринда ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бу Россиянинг ўта муҳим фуқаролик инфратузилмасини йўқ қилишга қаратилган теракт”, дея таъкидлаган у.

Тергов қўмитаси раҳбари “Терроризм” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Шунингдек, у давлат раҳбарига портлашни тайёрлашда иштирок этган гумонланувчиларнинг шахси аниқлангани ҳақида маълумот берди.

“Биз портлаш содир бўлган юк машинасининг йўналишини аллақачон аниқладик. Булар Болгария, Грузия, Арманистон, Шимолий Осетия, Краснодар. Ташувчилар аниқланди. ФХХ (Федерал хавфсизлик хизмати – таҳр.) тезкор ходимлари ёрдамида террорчилик хуружига тайёргарлик кўриши мумкин бўлган шахслар орасидан гумонланувчиларни аниқлаш мумкин бўлди”, дейди Бастрикин.

Тергов қўмитаси раисининг аниқлик киритишича, портлашни ташкил этишда Украина махсус хизматлари ҳам, Россия ва хорижий давлатлар фуқаролари ҳам иштирок этган.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда терговчилар жиноятнинг мақсад ва вазифаларини аниқлашда давом этмоқда. Мавжуд барча далиллар, бу йирик фуқаролик инфратузилма объектини йўқ қилишга қаратилган террорчилик ҳаракати эканлигини кўрсатади, дейди Бастрикин.

Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни Қрим кўпригида портлаш юз берди ва натижада поездаги цистерналарда ёнғин чиқди. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари кўприкда юк машинаси портлатилганини маълум қилди. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

Ҳодиса юзасидан Россия Тергов қўмитаси жиноий иш очди.

Украина Президенти девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк ҳодисага муносабат билдириб, бу бошланиши эканини, ноқонуний қурилган барча нарса йўқ қилинишини таъкидлади.

Президент Владимир Путин буйруғи билан ҳодисани ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилди. Ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлди.

Қрим кўприги Россиядаги энг узун кўприк бўлиб, унинг узунлиги 19 километрни ташкил қилади. Автомобиль қисми 2018 йил май ойида фойдаланишга топширилган. 2019 йил декабрь ойида эса унинг темир йўл қисми бўйлаб биринчи поездлар ҳаракатланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

360

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг