“Бу шармандалик” – Атамбоев баёнот билан чиқди (видео)

Олам 8527

Аввалроқ, Қирғизистоннинг Қўй-Тош қишлоғида мамлакатнинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевни қўлга олиш бўйича махсус операция бошлангани ҳақида хабар берган эдик. Бироздан кейин ОАВда Атамбоев ушлангани айтилди.

Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев махсус операциядан кейин расмий баёнот билан чиқди.

“Сизларга алам билан мурожаат қиламан. Бугун ҳукумат кучлари ноқонуний равишда, Конституцияни бузган ҳолда, мени қўлга олиш учун, Атамбоевнинг оғзини ёпиш учун, қурол билан келди ва ўз халқини ўққа тутди. Аввалига резинали ўқлар билан, охирида – ҳақиқий ўқлар билан. Бу шармандали ва аламли. Атамбоев — террорчи эмас. Унинг атрофида йиғилган инсонлар – террорчилар эмас. Соат 19:30да одамлар одатдагидек келиб мен билан селфи тушишаётганди. Бегуноҳ одамлар жабрланди. 

Албатта, охир-оқибат улар махсус топшириқли гуруҳ вакилларини суриб ташлашди, уларнинг айримлари насибасини олишди. Биласиз, бу халқнинг ғазаби қандай.

Мен бир неча марта айтганман, Батукаев иши бўйича хат кўринишида жавоб беришга тайёрман. Расман жавоб беришни, буни газеталарда эълон қилишни таклиф қилганман. Ҳукумат эса Атамбоевнинг оғзини беркитиш учун ўз халқини ўққа тутишдан қайтмади. Бу шармандалик. Ҳукуматга яна бир бор айтаман: Тўхтатинг!”, деди Атамбоев.

Кеча, 7 август куни Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғида Атамбоевни қўлга олиш учун махсус топшириқлар бўлими унинг уйида операция бошлади. Беш соат давомида Атамбоев тарафдорлари ҳимояни ушлаб турди. Якунда махсус бўлинма чекнишга мажбур бўлган. Махсус операцияда бир киши ҳалок бўлди. Ҳолат юзасидан Қирғизистон Бош прокуратураси суриштирув бошлади.

Мамлакат Президенти Сооронбай Жээнбеков махсус операция ҳақида маълумот олгач, таътилини муддатидан аввал тугатиб, пойтахт Бишкекка қайтишга мажбур бўлди.

Маълумот учун, Қирғизистон парламенти жорий йилнинг 20 июнь куни Атамбоевнинг дахлсизлигини бекор қилиш бўйича қарор қабул қилиб, уни мамлакат Бош прокуратурасига юборди.

Прокуратура Атамбоевни Иссиқ-кўл вилоятида ер участкаларини қайта профиллаш, Бишкек иссиқлик электр станцияси ва мамлакат пойтахтидаги Тарих музейи реконструкциясида коррупцияга қўл урганликда, жиноий “авторитет” Азиз Батукаевни жазони ўташ жойидан ноқонуний озод қилишга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқарди. Агар суд уни айбдор деб топса, Атамбоев бутун умрга қамалиши мумкин.

Атамбоевнинг ўзи парламент аъзоларининг айбловини “мавҳум” деб, халқ олдида виждони тоза экани ва Президентлигидаги барча ҳаракатлари учун жавоб беришга тайёр эканини таъкидлади.

22 июль куни Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Мирлан Каниметов ва тергов гуруҳи Алмазбек Атамбоевни терговга чақириш учун унинг резиденциясига келганди. Бироқ орадан 20 дақиқа ўтгач, қуруқ қўл билан ортга қайтишга мажбур бўлди.

Алмазбек Атамбоев 2011-2017 йилларда Қирғизистонга раҳбарлик қилган. Атамбоев биринчи тўлиқ президентликдан кейин ўз хоҳиши билан лавозимни тарк этган биринчи президент бўлган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 135
Рейтинг: 2.9
Будьте в курсе событий!
×
×