16 ёшли болаларга “права” бериш таклифига расмий муносабат билдирилди

Жамият

image

Аввалроқ, “Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар порталига фуқароларга 16 ёшдан автомобиль бошқаришга рухсат бериш ҳақидаги петиция жойлаштирилгани хабар қилинганди.

ИИВ ЙҲХ Бош бошқармаси мазкур таклифга муносабат билдириб, бу жиддий оқибатларга олиб келишини маълум қилди.

Билдирилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни талаблари асосида ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган Низомда “А” тоифадаги мототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун 16 ёшга, “В” ва “ВС” тоифага эга бўлиш учун 18 ёшга ҳамда “D” тоифага эга бўлиш учун эса 21 ёшга (жумладан трамвай ва троллейбуслар) тўлган шахсларга рухсат этилади.

Ушбу нормалар қарор лойиҳалари ишлаб чиқилиш жараёнида хорижий давлатларнинг тажрибалари ўрганилиб киритилган ва бу талаблар Йўл ҳаракати тўғрисидаги (1968 йилдаги Вена Конвенцияси) Конвенция нормаларига мосдир.

Қайд этилишича, 16 ёшдан ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби жорий қилинган хорижий давлатлар ўрганиб чиқилган.

Хусусан, Швеция, Франция, Австрия, Эстония, Норвегия ва айрим Европа давлатлдарида ҳудди Ўзбекистон норматив ҳужжатларда белгиланганидек 16 ёшда унча катта бўлмаган мотоциклларни, 18 ёшда автотранспорт воситасини бошқаришга рухсат этилади.

“16 ёшли бола ҳали мактаб ёки касб-ҳунар коллежи ўқувчисидир. Айнан ушбу ёшдаги болалар ўқишини давом эттириши, бошқа ишлар билан чалғимаслиги, жамият учун фойда келтирадиган билимли инсонлар бўлиб улғайишлари зарур.

16 ёшли болаларда тиришқоқлик, изланувчанлик билан бирга мақтанчоқлик, олифталик каби ҳислатлар ҳам энг авжига чиққан вақт ҳисобланади. Бу ёшдаги болаларнинг транспорт воситасини ўзбошимчалик билан бошқариши салбий оқибатлар билан якун топганлиги ҳолатлари учрамоқда.

16 ёшли болаларда ҳали “Мен” деган фикр сўнмаган бўлиши, мақтанишни, “олифталикни” яхши кўриши, бунинг оқибатида эса йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик, менсимаслик ёки қасддан тенгдошларига, дўстларига автомобилини мақтаниш учун йўл ҳаракати қоидаларига қарши ҳаракат қилиши мумкин, бу эса фожиали оқибатларга сабаб бўлиши мумкин”, дейилади ЙҲХББ хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙҲХББ

Баҳолаганлар

232

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг