Гулистонда эвакуатордаги Matiz радарга тушди
Жамият
−
21 Апрель 2021
12637Ижтимоий тармоқда эвакуатор устида турган Matiz радарга тушгани ҳақида хабар тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат 2020 йилда Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳрида содир бўлган.
2020 йил 9 апрель куни Гулистон шаҳар ҳудудида ўтказилаётган рейд тадбири давомида Matiz русумли 20 F814DA давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчиси карантин қоидаларини бузиб, вилоят марказида ҳаракатланиб юрганлиги сабабли, ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига жойлаштиришга жўнатилган.
Mercedes-Benz Sprinter русумли 20 Е298DA давлат белгили махсус эвакуатор Matiz русумли автомобилни жарима майдончасига олиб кетаётиб, Ўзбекистон кўчасида юқори тезлик 60 км/соат белгиланган жойда 70 км/соат тезликда ҳаракатланган вақтда тезликни ўлчовчи мослама, яъни “радар”га тушган.
“Радар” тезлик ўлчовчи мослама автоматик тартибда ушбу махсус эвакуатор автомашинаси устига ортилган Matiz русумли 20 F814DA давлат рақам белгили автомашинани ҳам суратга олиб марказлашган базага жўнатган.
Қарор ижро этишлик учун Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимига келиб тушгандан сўнг эса уни асослигини ва бошқа реквизитлари тўғрилигини тасдиқлаш вақтида фақатгина Mercedes-Benz Sprinter русумли 20 Е 298 DA давлат белгили махсус эвакуатор юк машинаси тезликни оширганлиги сабабли жарима солиш тўғрисидаги қарор тасдиқланиб, мулкдорнинг яшаш манзилига почта орқали жўнатилган.