Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини 16 ёшдан бериш таклиф қилинмоқда

Жамият 7240
image

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун белгиланган 18 ёш чекловига ўзгартириш киритиш таклиф қилинмоқда. Таклиф “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталига жойлаштирилди. 

Мурожаатда мамлакатда Ўзбекистонда ўн олти ёшдан автомобиль бошқаришга рухсат бериш кераклиги айтилмоқда.  

“Аксарият хорижий давлатларда автомобиль бошқаришга ўн олти ёшдан рухсат берилган. Бу орқали мактабнинг катта синф ўқувчиларини иш билан таъминлаш мумкин бўлади. Агар ўқувчиларнинг бандлигини таминласак, улар орасидаги жиноятчиликни камайтиришга ҳам эришамиз.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонда ўн олти ёшдан автомобиль бошқаришга рухсат беришни таклиф қиламиз”, дейилади жамоавий мурожаатда. 

Ушбу мурожаатга муносабат билдираётганларнинг асосий қисми уни рад этиб, бу аҳмоқхона таклиф эканини билдирмоқда. 

Амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тартиби қуйидагича: 

Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олишни истаган шахслар махсус ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режа ва дастурларига мувофиқ таълим олишлари шарт.

Имтиҳонлар доимий ёки вақтинчалик турар жойларидаги, мажбурий хизматга чақирилган ҳарбий хизматчилар томонидан эса – хизмат жойларидаги ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБларида топширилади. Фавқулодда ҳолатлар юз берган вақтда, ўқув ташкилотлари имтиҳон олиш жойларидан узоқ масофада жойлашган ҳудудларда ва ҳ.к., истисно тариқасида, имтиҳонлар қабул қилиш жойи ёки муддати ЙҲХБ раҳбарияти томонидан кўриб чиқилиши мумкин.

Ўқув муддати якунида:

“A” тоифадаги мототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун – 16 ёшга;
“B” ва (ёки) “C” тоифадаги автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун – 18 ёшга;
“D” тоифадаги автотранспорт воситаларини, трамвай ва троллейбусларни бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун – 21 ёшга тўлган шахсларга ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБда имтиҳонлар топширишга рухсат этилади.

Истисно: Мудофаа вазирлиги томонидан автомототранспорт воситалари ҳайдовчилари мутахассислиги бўйича ўқишга жалб этилган чақирилувчиларга ўқишни тугатганларидан сўнг, 18 ёшга тўлмаган бўлсалар-да, ҳудудий ЙҲХБда имтиҳонларни топширишларига рухсат берилади. Уларга назарий ва амалий имтиҳонларни топширганларидан сўнг тегишли тоифадаги (“В” ва (ёки) “С”) автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади. Бунда “Алоҳида белгилар учун” жойида унинг эгаси қайси муддатдан (18 ёшга тўлганидан кейин) автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатилади.

Аввал – назарий имтиҳон, сўнг амалий имтиҳон ўтказилади. Назарий имтиҳонларни топшира олмаган шахслар амалий имтиҳонларга қўйилмайди. Имтиҳонларни қабул қилиш ва “А”, “В”, “С”, “D”, “ВЕ”, “СЕ”, “DE” тоифадаги автомототранспорт воситаларини, шунингдек, трамвай, троллейбусларни бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларни бериш ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБлари томонидан амалга оширилади.

Гувоҳномани олиш учун ҳайдовчиликка номзодлар ҳудудий ЙҲХБнинг РваИОБларига тасдиқланган ҳужжатлар рўйхатини тақдим этишлари лозим.

Назарий ва амалий имтиҳонларни топширган шахсларга имзоланган баённома асосида миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади. Гувоҳнома уни қайд этиш китобига серияси ва тартиб рақамининг ўсиши бўйича киритилади ҳамда имтиҳон варақасига қайд этилади. Ҳайдовчилик гувоҳномасидаги ёзувлар махсус техник воситаларда чоп этилади.

Гувоҳнома фақат унинг эгасига берилади ва ишончнома билан берилмайди. У паспортини ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни кўрсатиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси бериладиган китобга шахсан имзо қўяди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 162
Рейтинг: 3
t
×