Британиядаги денгиз кўрфазидан 300 минг йиллик улкан болталар топилди

Бу қизиқ

image

Британиялик археологлар Британиянинг Медуэй дарёси бўйларидан қадимги даврга оид 800 дона тош қуролни топди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Унда ёзилишича, жами топилмаларнинг ёши 300 минг йилдан ортиқ бўлиб, уларнинг умумий сони 800 тани ташкил қилган. Тош қуроллар қадимги дарё ўзани остидан топилган. Энг қизиқарли ва катта топилмалардан бири бу деярли 30 см катталикдаги қўл болтаси бўлган.

Тош даврига оид бу болта чақмоқтош бўлаги бўлиб, унинг икки томони симметрик шаклда ўйилган. Бундай асбоблар қўлда, ҳеч қандай тутқичсиз ушланган ва ҳайвонларнинг тана гўштини сўйиш учун ишлатилган.

Лондон университетига қарашли коллежнинг (UCL) катта археологи Летти Ингрининг сўзларига кўра, қадимги даврга оид топилма асбобларнинг узунлиги 22 см дан ортиқ бўлса, улар улкан деб ҳисобланади.

“Бу болталар шунчалик каттаки, уларни қандай қилиб осонгина ушлаб, ишлатиш мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Айни пайтда биз нима учун улар шунчалик улкан қилиб ясалгани ва улардан қадимги одамлар қандай фойдаланганини билмаймиз”, дея у қўшимча қилган.

Шунингдек, археологнинг таъкидлашича, бу катталикдаги асбоблар амалий функциядан кўра, маросимларда кўпроқ хизмат қилган. Қазиш майдони биринчи неандертал қабилаларини ўз ичига олган Британиянинг бугунги кунгача маълум бўлган тарихидан олдинги даврига тўғри келмоқда.

Ўша пайтда Медуэй дарёси водийси ҳозирги кўринишидан тубдан фарқ қилган. Бу жой дарёлар ҳамда ўрмонли тепаликлардан иборат бўлиб, бу ибтидоий ҳудудда кийиклар, ёввойи отлар ва унчалик аниқ бўлмаган инглиз сутэмизувчилари, масалан, ҳозирда йўқ бўлиб кетган тишли филлар ва ҳатто шерлар ҳам мавжуд бўлган.

UCL Археология институти ходими доктор Мэтт Папанинг айтишича, бу қазишмалар бундан чорак миллион йил аввал музлик даври ландшафти қандай эволюцияни бошдан кечирганини билиш учун катта имконият беради.

“UCL ва Британиянинг бошқа университетлари мутахассислари иштирокидаги топилмаларни кейинги ўрганиш бизга бу жой нега ибтидоий одамлар учун муҳим бўлганини ва тош қуроллар, жумладан, улкан болталар уларга дунё шароитларига мослашишга қандай ёрдам берганини тушунишга имкон беради”, дея изоҳлаган у.


Мақола муаллифи

Теглар

Британия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг