Британияда Фаластинни қўлловчи намойишларни танқид қилган вазир ишдан бўшатилди
Олам
−
13 Ноябрь 2023
8017Британия Бош вазири Риши Сунак Ички ишлар вазири Суэлла Браверманни Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишлар чоғида полиция ҳаракатларини танқид қилган мақола эълон қилганидан сўнг ишдан бўшатди. Бу ҳақда “Sky News” хабар берди.
Айтилишича, Сунак бугун, 13 ноябрь куни вазирлар маҳкамаси таркибидаги ўзгаришларни эълон қилишни режалаштирган. Браверман ўтган ҳафта давомида ҳам мухолифат, ҳам ҳукмрон Консерватив партиядаги баъзи сиёсатчилар томонидан қаттиқ танқидга учраган. Чунки у ўтган ҳафтада “The Times” газетасига Фаластинни қўллаб-қувватловчи норозилик намойишларини "нафрат маршлари" деб таърифлаб, уларни Шимолий Ирландиядаги норозиликлар билан қиёслаган ва полиция бундай юришларга рухсат бериб, "чап қанот фаоллари билан ўйнаганини" айтган эди.
Кейинроқ Британия оммавий ахборот воситалари Браверман Даунинг-стрит офисининг мақолада Скотланд-Ярд ҳақида қўпол гапларни ишлатмаслик ҳақидаги тавсияларига қулоқ солмагани ҳақида хабар берди. Ички ишлар вазири Лондон полицияси раҳбари Марк Роулини жиддий тартибсизликлар эҳтимоли ҳақида разведка маълумотлари йўқлиги сабабли 11 ноябрь куни Фаластинни қўллаб-қувватлаш маршини тақиқламагани учун танқид қилган.
Қайд этиш жоизки, Браверман ўзининг кескин баёнотлари учун биринчи марта танқид остига олинаётгани йўқ. Сентябр ойида унинг Буюк Британияда "мультикултурализм барбод бўлди" деган сўзлари шов-шувга сабаб бўлган. Британиялик сиёсий шарҳловчиларнинг таъкидлашича, вазир Консерватив партиянинг ўнг қаноти позицияларини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 11 ноябрь куни Лондонда Фаластинни қўллаб-қувватловчи оммавий митинг бўлиб ўтган, унда 300 дан 500 минггача одам қатнашган. Йиғилганлар Британия ҳукуматидан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишни талаб қилган.
LiveБарчаси