Британия Украинага қурол юбориш учун АҚШдан рухсат сўради
Олам
−
02 Июнь 2022
7858Буюк Британия АҚШдан бир неча ҳафта ичида Украинага илғор ўрта масофага учувчи ракета тизимларини юбориш режасини маъқуллашни сўрамоқда. Бу ҳақда “Politico” масаладан хабардор шахсга таяниб, хабар берди.
Унга кўра, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон кеча, 1 июнь куни эрталаб АҚШ Президенти Жо Байден билан Америкада ишлаб чиқарилган М270 ялпи ҳужум реактив тизимларини топшириш ҳақида гаплашган.
Бугун, 2 июнь куни Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўртасида мунозара бўлиб ўтади.
Нашрнинг аниқлик киритишича, экспорт қоидалари туфайли бу ҳаракатни Вашингтон расман маъқуллаши керак. Байден маъмурияти бу илтимосга “яшил чироқ” ёқиш эҳтимоли юқори.
Айни пайтда Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес Бирлашган Қироллик Украинага ялпи ҳужум реактив тизимларини юборишини маълум қилди.
CNN иқтибос келтирган Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Буюк Британия 80 км узоқликдаги нишонларни уриб туширишга қодир М270 ялпи ҳужум реактив тизимларини жўнатади, бу эса “Украина кучларининг жанговар қобилиятини сезиларли даражада оширишни” таъминлайди. Қайд этилишича, бу ҳаракат АҚШнинг Украинага тезкор ҳаракатланувчи HIMARS артиллерия ракета тизимини тақдим этиш қарори билан “яқиндан мувофиқлаштирилган”.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ кеча Украинага юбориладиган янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Умумий қиймати 700 млн доллар бўлган ёрдам HIMARS ракета тизимлари ва Ми-17 вертолётларини ҳам ўзи ичига олади.
LiveБарчаси