Британия тахти вориси Усама бин Лодиннинг оиласидан пул олгани маълум бўлди

Олам 12088
image

2013 йилда Буюк Британия тожининг вориси шаҳзода Чарльз “Ал-Қоида” собиқ етакчиси Усама бин Лодиннинг ўгай укаларидан 1 миллион фунт стерлинг хайрия қабул қилган. Бу ҳақда BBC News “The Sunday Times” нашрига асосланиб хабар берди.

“Times” нашри маълумотига кўра, Saudi Binladin Group қурилиш конгломератининг собиқ раиси Бакр бин Ладен ва унинг укаси Бакр Шафиқ Уэльс шаҳзодаси хайрия фондига (PWCF) хайрия қилган. Нашрнинг таъкидлашича, шаҳзода Чарльз PWCF ва қироллик оиласи “Кларенс Хаус”нинг Вестминстер қароргоҳи маслаҳатчиларининг эътирозларига қарамай, Усама бин Лодиннинг қариндошларидан пул олишга рози бўлган.

Шаҳзода Бакр бин Лодин билан 2013 йил 30 октябрь куни “Кларенс Хаус”да, “Ал-Қоида” собиқ етакчиси ўлдирилганидан икки йил ўтиб учрашган.

BBC’га кўра, бироқ, Уэлс шаҳзодаси жамғармаси раиси сэр Ян Чеширнинг айтишича, пулни олиш ҳақидаги қарор хайрия ташкилотининг ишончли вакиллари томонидан синчковлик билан текширилгандан сўнг қабул қилинган – ҳатто Ташқи ишлар вазирлиги ҳам хайрияни маъқуллаган.

Шунингдек, таъкидланишича, Усама бин Лодиннинг оиласи 1994 йилда ундан воз кечган ва унинг фаолиятига акаларининг алоқаси бор, деган фикрга асос йўқ.

Июнь ойида “The Sunday Times” газетаси 2011 ва 2015 йиллар оралиғида шаҳзода Чарльз ўз жамғармаси учун Қатар собиқ Бош вазири шайх Ҳамад бин Жассимдан хайрияларни шахсан қабул қилгани ҳақида хабар берганди. Хайрияларнинг умумий миқдори уч миллион еврони ташкил этган. “Кларенс Хаус” олинган маблағлар зудлик билан шаҳзоданинг хайрия жамғармаларидан бирига ўтказилгани ва барча зарур тартиб-қоидалар бажарилганини билдирган.

Усама бин Лодин 1980-йилларнинг охирида “Ал-Қоида” террорчилик ташкилотини яратди. Ташкилот 2001 йил 11 сентябрда террорчилар гуруҳи тўртта йўловчи самолётини ўғирлаб кетишга ва уларни Қўшма Штатлардаги турли объектларга ҳужум учун йўналтиришга муваффақ бўлди. Нишонлар орасида Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази жойлашган эгизак бинолар, АҚШ Мудофаа вазирлиги – Пентагон ва Президент қароргоҳи – Оқ уй бор эди. Учта самолёт нишонга етиб борган, Оқ уйга қараб учган самолёт муддатидан олдин ерга қулаган. Эгизак бинолар буткул вайрон бўлган. Пентагон эса қисман зарар кўрган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 321
Рейтинг: 3.1
t
×