Британия қироли тожни топширишга тайёрланмоқда
Олам
−
27 Февраль
14326Аввалроқ, Британия қироли Чарльз III да саратон аниқлангани ҳақида хабар бергандик. Шундан сўнг, бир неча сиёсатчилар, жумладан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам Чарльз III га мактуб ёзиб, унинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.
Инглиз нашрларининг ёзишича, Британия қироли тожни меросхўри шаҳзода Уильямга топшириш режасини ишлаб чиқяпти. Бу эса қиролнинг яна бир саройдан бош олиб кетган ўғли шаҳзода Гарридан сир сақланаётгани айтилмоқда.
Тахт вориси ҳақидаги қонунга кўра, Чарльзнинг тўнғич ўғли, шаҳзода Уилям Буюк Британиянинг кейинги қироли бўлиши керак.
Қироллик эксперти Том Квиннинг сўзларига кўра, Чарльзнинг соғлиғи ёмонлаша бошлагач, ворислик режалари тузила бошлаган. Қиролнинг касаллиги аниқланмагунча, меросхўрлик масаласи бунчалик тез муҳокама қилиниши кутилмаган эди. Унинг фикрича, бу қиролнинг касаллиги хавфли даражага етганини кўрсатади.
Маълумот учун, жорий йилнинг 6 февраль куни Чарльз III саратон касаллигига чалингани маълум бўлганди. Шифокорлар қиролга амбулатор даволаниш вақтида давлат вазифаларини бажаришдан воз кечишни тавсия қилган бўлса-да, у давлат ишлари билан шуғулланишда ва қоғозлар билан ишлашда давом этган. Монархнинг расмий вазифаларига парламент томонидан қабул қилинган қонунларни имзолаш киради. Чарльз III қироллик имзоси талаб қилинадиган ҳужжатларни, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аъзоларидан ҳисоботларни ҳар куни эрталаб қизил портфелда олади.
Бундан ташқари, Қирол ҳар ҳафта Бош вазирни Букингем саройида қабул қилиб, мамлакат ва дунёдаги энг муҳим воқеаларни муҳокама қилади. Британия матбуоти хабарларига кўра, бундай учрашувлар давом эттирилади.
LiveБарчаси