Расман: Қирол Чарльз III да саратон аниқланди
Олам
−
06 Февраль
5722Британия қироли Чарльз III да саратон аниқланди. У ўтган ҳафтада простата бези жарроҳлиги вақтида ташхис қўйилган саратон касаллигидан даволанишни бошлаган ва давлат вазифаларини кейинга қолдиради, лекин ҳукумат ишлари билан шуғулланишда давом этади. Бу ҳақда Букингем саройи маълум қилди.
“Қирол яқинда простата безининг катталашгани сабабли тиббий муолажа учун шифохонага ётқизилганида ташвишланишнинг яна бир сабаби аниқланди. Кейинги диагностика муолажалари саратоннинг бир шакли мавжудлигини тасдиқлади. Бугун Олий ҳазратлари режали даволанишни бошладилар, унинг давомида шифокорлар унга давлат вазифаларини кечиктиришни тавсия қилди. Бу вақт ичида Олий ҳазратлари давлат ишлари билан шуғулланишда давом этади ва одатдагидек қоғозлар билан ишлайди”, дейилади 75 ёшли монарх идораси баёнотида.
Ташхис қўйилган саратон тури номланмаган. Бироқ, Британия матбуоти хабарларига кўра, бу простата саратони эмас ва қирол амбулатория шароитида даволанади. Бунинг учун у кеча, 5 февраль куни Англия шарқидаги Норфолкдаги Сандрингем қироллик мулкидан Лондонга қайтиб келди.
“Қирол ўз шифокорлар жамоаси вазиятга тезкор муносабатда бўлгани учун миннатдор. Бу [монархнинг] яқинда шифохонага ётқизилиши туфайли мумкин бўлди. У кўрилаётган даво чораларига мутлақо ижобий муносабатда ва тезда ўз вазифаларига қайтишга умид қилмоқда. Олий ҳазратлари мумкин бўлган миш-мишларнинг олдини олиш учун ўз ташхисини ошкор қилишга қарор қилди ва бу дунёнинг турли минтақаларида саратон касаллигига чалинганларни яхшироқ тушунишга ёрдам беришига ишонмоқда”, дейилади Букингем саройи баёнотида.
Британия Бош вазири Риши Сунак аллақачон қиролга тўлиқ ва тез тузалиб кетишини тилади.
“Мен унинг тез орада яна кучга тўлишига шубҳа қилмайман ва бутун мамлакат унинг соғайиб кетишини тилашини биламан”, деб ёзди ҳукумат раҳбари Х (собиқ Twitter) саҳифасида.
Мухолифатдаги Лейбористлар партияси раҳбари Кир Стармер ва Шотландия ва Уэльснинг биринчи вазирлари Ҳамза Юсаф ва Марк Дрейкфорд монархга ўзларининг энг эзгу тилакларини изҳор қилишди.
Монархнинг операцияси
29 январь куни Чарльз III простата бези операциясидан сўнг шифохонадан чиқди. Кейин у саломатлиги тикланиши учун ўзининг режалаштирилган оммавий тадбирлари режасини ўзгартирди.
Январь ўрталарида Чарльз III жарроҳлик амалиётига муҳтожлиги маълум бўлди.
Карл III тахтга 2022 йил сентябрда онаси Елизавета II (1926-2022) вафотидан сўнг ўтирди. Монархнинг тож кийиш маросими ўтган йилнинг 6 май куни Лондондаги Вестминстер аббатлигида бўлиб ўтган.