BRICS саммитида Макрон ҳам қатнашиши мумкин
Олам
−
20 Июнь 2023
6050Франция Президенти Эммануэль Макрон агар шундай таклиф келиб тушса, BRICS саммитида (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка) иштирок этиш имкониятини кўриб чиқиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 19 июнь куни Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазири Кетрин Колонна Преторияда ЖАР Ташқи ишлар вазири Наледи Пандор билан музокаралари якунида сўз очди.
“Биз Макроннинг BRICS саммитига эҳтимолий иштирок этиши ҳақида фаразий тарзда гапиряпмиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, қарор BRICS’га тегишли”, деган Колонна.
Унинг таъкидлашича, Франция BRICS’нинг қатор давлатлари, жумладан, Хитой билан бир неча соҳада ҳамкорлик қилмоқда ҳамда “бундай ҳамкорлик турли шакл ва форумларда бўлиши мантиқан тўғри”.
Ўз навбатида, Пандор Макроннинг BRICS саммитида иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги ғоя “инновация” эканини айтган. Шунингдек, у BRICS’га аъзо бўлмаган давлатларнинг айрим раҳбарларининг саммит учрашувларида иштирок этиши ҳақидаги ҳар қандай қарорни иттифоқ раиси қабул қилиши кераклигини таъкидлаган.
Ҳозирда Жанубий Африка BRICS’га раислик қилмоқда. BRICS саммити жорий йилнинг 22-24 август кунлари Йоханнесбургда бўлиб ўтади. Саммитнинг сўнгги кунида Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса BRICS ва Глобал Жанубий аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувини ўтказишни режалаштирмоқда. Йоханнесбургда ASEAN, Кариб ҳавзаси ҳамжамияти, Етмиш еттилик гуруҳи (G77) аъзолари ва Африканинг кўпчилик мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари йиғилиши кутилмоқда. Бошқача айтганда, BRICS саммити доирасида замонавий ривожланиш йўлларини Ғарбдан фарқ қиладиган тарзда кўрувчи кучлар бирлашуви бўлади.
Маълумотларга кўра, Макрон Глобал Жануб доирасидаги учрашувлар иштирокчиси бўлишни хоҳлайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь