Бойсун бозори можароси. Вилоят ҳокими бозор бузилмаслигини айтди
Жамият
−
18 Май 2020
8201Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Бойсундаги эски бозор масаласи бўйича у ерга ташриф буюрди. Бу ҳақда кеча, 17 май куни вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, вилоят ҳокими бозор бузилмасилигини, аксинча, таъмирланиб, “Эко бозор“га айлантирилишини маълум қилган. Шунингдек, ҳоким, бозор реконструксияси битгач, сотувчилар ўз фаолиятини давом эттириши мумкинлигини айтган.
“Эски “Тузбозор” ҳам бузилмайди. Аксинча, реконструкция қилиниб “Эко бозор”га айлантирилади. Бу аҳолига кенг қулайликлар яратиш билан бирга, савдо хизмати кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга хизмат қилади. “Эко бозор” битгач, хоҳловчилар у ерда савдо-сотиқ ишларини бемалол давом эттиришлари мумкин ”, дейди вилоят ҳокими.
Маълум қилинишича, Тўра Боболов “Тузбозор” ўрнида фаолиятини замонавий асосда йўлга қўйиш имконини берадиган янги типдаги бозор лойиҳасини жадаллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини шакллантириш, сотувчи ва харидорлар учун қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берган.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда Бойсун тумани ҳокими эски бозорни буздириб, савдогарларни янги бозорга ўтказмоқчилиги ҳақида хабар тарқалган эди. Шундан сўнг ҳокимлик хабарга ўз муносабатини билдириб, бозор остонасида турган экскаватор алоқа хизматини яхшилаш бўйича иш олиб боргани ҳақида расмий баёнот бериб чиқди. Сўнгра, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳокимлик баёнотига нисбатан раддия бериб, экскаваторни “Ўзбектелеком” АКнинг фаолиятига умуман алоқаси йўқлигини маълум қилган.
LiveБарчаси