Бош вазир Арипов коронавирус масаласида йиғилиш ўтказди

Жамият 8842
image

Маълумки, 2019 йил охирида Хитойнинг Ухан шаҳрида тарқалган коронавирус айни вақтда бутун дунёга хавф солмоқда. Коронавирус қурбонлари сони соат сайин ортиб боряпти. Бир кун ичида 2019-nCоV вируси сабаб ўлганлар сони 26 нафарга кўпайиб, 132 нафарга етди. Касалланганлар эса 6052 нафарни ташкил қилмоқда. Айни вақтда ушбу вирус тўғридан-тўғри Хитой ёки қўшни республикалар орқали Ўзбекистонга кириб келиши хавфи мавжуд. 

Кеча, 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Хитойда тарқалаётган янги турдаги коронавирус Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш масаласида йиғилиш ўтказган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиевга асосланиб вазирлик Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

“Ўзбекистонда ҳали биттаям ҳолат бўлмаган. Кеча Бош вазир томонидан комиссия йиғилиши ўтказилди. Ҳар бир идора ва ташкилотлар, шу жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Чегара қўшинларига топшириқлар берилди”, дейди вазир ўринбосари.

Унинг айтишича, ҳозирча Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вирус қаердан келиб чиққани ҳақида аниқ хулосага келмаган.

“Битта нарсани билишимиз керак: коронавирус – ҳаво томчи йўли билан юқадиган инфекция. Аксирганда, йўталганда бир-бирига ўтувчи, одамдан одамга ўтиши мумкин бўлган инфекция. Грипп билан таққосласак, гриппга ўхшаган ҳаво томчи инфекцияси. Алоҳида таъкидлашим керак, гриппда ўлим ҳолатлари 2-4 фоизни ташкил қилади. Бу ерда ҳам [коронавирусда] ўлим ҳолатлари умумий касалланганларга нисбатан 2-4 фоизни ташкил қилади.

Бу инфекция билан курашишимиз мумкин. Биринчи навбатда гигиена талаблари, қоидаларини билишимиз ва риоя этишимиз керак. Бу дегани, шамоллаган одам ниқоб тақиши ёки уни алоҳидалаш керак. Тегишли дориларни бериб, симтоматик даволанади. Бу даволанадиган касаллик”, дейди Баҳодир Юсупалиев.

У аҳолини ваҳимага тушмасликка чақириб, вирус Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш учун етарли чоралар кўрилганини билдирди.

“Чегарадаги санитар-карантин  пунктларининг фаолияти назоратга олинган. Ҳар бир пунктга инфекционист бириктирилган. Тегишли тепловизор билан кириб келаётганларнинг тана ҳарорати кўтарилган-кўтарилмаганини биламиз. Шундан келиб чиқиб, биринчи тадбирларни амалга оширишимиз мумкин бўлади.

Кейинги масала, ҳар битта тиббиёт муассасасида захира ўринлар, дори-дармонлар тайёрлаб қўйилган”, дейди ССВ мулозими.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 292
Рейтинг: 3
t
×